Ўзбекистонда айрим тоифадаги фуқароларнинг транспортдан имтиёзли фойдаланишини тартибга солишга қаратилган янги қарор қабул қилинди.
Қарорга мувофиқ, 2026 йил 1 октябрдан уруш ногиронлари ва иштирокчилари, уларга тенглаштирилган шахслар ҳамда Чернобил АЭС ҳалокати оқибатида нурланиш касаллигига чалинган шахсларга ҳаво ва темирйўл транспорти, шунингдек, шаҳарлараро автобуслар учун бепул ёки 50 фоиз чегирмали чипталар берилади.
Имтиёзли чипталар авиакомпаниялар, «Ўзбекистон темирйўллари» АЖнинг ваколатли бўлинмалари, автовокзал ва автостанциялар томонидан тақдим этилади.
Бунда фуқаронинг имтиёзли тоифага кириши Ижтимоий ҳимоя миллий агентлигининг «Ягона миллий ижтимоий ҳимоя» ахборот тизими орқали автоматик равишда текширилади.
Имтиёзли чипта олиш учун фуқаролардан фақат шахсини тасдиқловчи ҳужжат — ID-карта ёки биометрик паспорт талаб этилади.
Транспорт турига қараб, ҳаво транспортида «эконом» тарифи бўйича, темирйўл транспортида эса «эконом», плацкарт ёки купели жойлар учун чипталар тақдим этилади.
Шунингдек, Мудофаа, Ички ишлар ва Фавқулодда вазиятлар вазирликлари ҳамда Пенсия жамғармаси ўз ахборот тизимларидаги имтиёзли тоифага кирувчи шахслар ҳақидаги маълумотларни Рақамли ҳукумат орқали Ижтимоий ҳимоя миллий агентлигига доимий равишда тақдим этиб боради.
2027 йил 1 январдан эса фуқаролар авиа, темирйўл ва шаҳарлараро автобус чипталарини «Ижтимоий карта» мобил иловаси — «Барака» орқали бепул ёки имтиёзли шартларда харид қилиш имкониятига эга бўлади.
Имтиёзлар асосида кўрсатилган транспорт хизматлари харажатлари Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги томонидан Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан қопланади.
Маълумотларга кўра, 2025 йилда транспорт хизмати кўрсатувчи ташкилотлар томонидан қарийб 50 минг нафар шахсга умумий қиймати 4,3 миллиард сўм бўлган имтиёзли йўл чипталари тақдим этилган.











