Ўтган кун давомида жаҳонда рўй берган энг асосий воқеа ва янгиликлар шарҳи билан кундалик хабарномада таништирамиз.

Жапаров Ташиев ҳақида гапирди

Қирғизистон президенти Садир Жапаров «2027 йилда ўз лавозимини тарк этишни ва Қамчибек Ташиевни ўзининг вориси сифатида қўллаб-қувватлашни режалаштирганини» айтди. Жапаровга кўра, у кейинчалик ўзининг кўп йиллик сиёсий шериги президентликка тайёр эмас, деган қарорга келган.

Журналист Али Токтакуновга берган интервюсида Жапаров бекор қилинган ворислик режасини баён қилди. «Қамчи президент бўлади, мен эса истеъфога чиқаман. Менда шундай режа бор эди», деди Жапаров.

Президент бу режа ҳақида Ташиевга тахминан бир йил олдин айтган ва уни президентликка тайёргарлик кўришга чақирган. Жапаров кейинчалик «Ташиев бунга тайёр эмас» деган хулосага келган. У бунга Ташиевнинг айрим ходимлари ва сафдошларининг хатти-ҳаракатларини, «75 кишининг хати» ва парламентдаги бўлиниш белгиларини сабаб қилиб кўрсатди.

Жапаров Ташиевни чақириб, унга: «бундай қилиб бўлмайди, одамларни иккига ажратиш мумкин эмас», деганини айтди. Шунингдек, у Ташиевни лавозимидан четлатилиши ҳақида огоҳлантирганини билдирди.

У Ташиевнинг хавфсизлик идораларидаги фаолияти ва улкан ҳиссасини таъкидлади, бироқ у дам олиши ва қаерда хатога йўл қўйганини ўйлаб кўриши кераклигини айтди.

Жапаров, шунингдек, 2027 йилда яна бир муддатга номзодини қўйиш ниятида эканини шахсан тасдиқлади. Reuters хабарига кўра, у: «Мен яна бир муддатга ўз номзодимни қўйиш ниятидаман ва ўз ишимни давом эттираман», деган.

АҚШ Эронга босимни оширмоқчи

АҚШ расмийлари Эроннинг денгиз қамалини чексиз муддатга ушлаб туриши мумкинлигини ва Теҳронга нисбатан иқтисодий босимни кучайтиришини маълум қилди.

«Қўшма Штатлар Ҳарбий-денгиз кучлари бундай қамални чексиз муддат ушлаб туриши мумкин, чунки биз ҳозиргача бўлгани каби кемаларни алмаштириб турамиз ва буни давом эттирамиз», деди АҚШ мудофаа вазири Пит Ҳегсет.

Молия вазири Скотт Бессент эса Қўшма Штатлар Эронга янада кўпроқ молиявий зарар етказишни режалаштираётганини айтди.

«Келгуси ҳафтада кутилаётган янги эълонларни кузатиб боринг. Чунки биз бир мамлакатни иқтисодий жиҳатдан яккалаш тарихида ҳали кўрилмаган чораларни қўлламоқчимиз», деди у.

Айни кунларда Яқин Шарқда ўт очишни тўхтатиш бўйича музокаралар барбод бўлган, глобал нефт таъминоти қисқармоқда ва минтақавий зиддиятлар кучаймоқда.

Июн ойидаги дастлабки келишув чиппакка чиққач, Эрон бунга жавобан Ҳўрмуз бўғозини назорат қилиш орқали Вашингтонга таъсир ўтказишга уринмоқда.

Хусусан, пайшанба куни кечқурун БАА давлат компаниясига қарашли иккита кемага ҳужум қилинган. Бирлашган Араб Амирликлари ҳукумати буни Эрон ҳужуми сифатида қоралади.

АҚШ президенти Доналд Трамп эса ўз халқи томонидан умуман қўллаб-қувватланмаётган урушни тугатиш бўйича босим остида қолган. Трамп бир неча бор АҚШ бўғоз устидан «тўлиқ назоратга» эга эканини таъкидлади. Аммо Эрон буни инкор этмоқда.

Россия-Украина уруши

Пайшанба куни ҳам Россия ва Украина ўртасидаги ҳарбий ҳаракатлар давом этди. Хусусан, «Wildberries» компанияси Бошқирдистондаги ҳаво ҳужуми оқибатида ўз объектида ёнғин содир бўлганини маълум қилди. Бу июлдан бери маркетплейс омборларидаги камида 18-ёнғиндир.

Пайшанба куни тонгда «Газпром» нефтни қайта ишлаш заводи жойлашган Салават шаҳрига Украина дронлари ҳужум қилган.

Оренбургда эса сўнгги кунларда иккинчи марта нефтни қайта ишлаш заводи жойлашган Орск шаҳрига дронлар ҳужум қилди. Губернатор сўзларига кўра, завод иши тўхтатилган, таъмирлаш учун ярим йил керак бўлиши мумкин.

Россия Мудофаа вазирлиги эса пайшанбага ўтар кечаси Одесса вилоятидаги портларга ҳужум қилган.

Бундан ташқари, Одесса вилоятида Россия дрони йўловчи поезди локомотивига келиб урилган. BBCʼнинг ёзишича, оқибатда машинист ва унинг ёрдамчиси ҳалок бўлди. Поезд йўловчиларини эвакуация қилишга муваффақ бўлинган, улардан ҳеч ким жабрланмаган.

АҚШ-Колумбия муносабатлари

АҚШ мудофаа вазири Пит Ҳегсет Колумбиядаги қуролли гуруҳларга биргаликда зарба бериш эҳтимолини илгари сурди.

Колумбия «террорчилар ва террор тармоқларини йўқ қилиш учун қўшма ҳарбий операцияларга» рухсат берган, деди Ҳегсет Панамада бўлиб ўтган картелларга қарши коалиция йиғилишида.

Унинг тасдиқлашича, Миллий озодлик армияси ва Колумбия Инқилобий қуролли кучлари каби қуролли гуруҳларга қарши қўшма зарбалар бериш масаласи муҳокама қилинган.

«Белгиланган террорчилик ташкилотлари ҳамкор ҳукуматлар билан биргаликда АҚШ ҳукуматининг қонуний нишонига айланади, жумладан, Колумбияда ҳам», деди у. Ҳегсет наркофурушларни «Ал-Қоида» ёки «ИШИД» террорчиларига қиёслади.

Таҳлилчиларга кўра, президент Трампнинг Лотин Америкаси бўйича сиёсати Панама каналидан ҳам анча кенгайиб кетди. Ўтган йил сентябридан бери АҚШ ҳарбийларининг гиёҳванд моддалар ташилиши гумон қилинган қайиқларга берган зарбалари оқибатида 200 дан ортиқ одам ҳалок бўлди. Январ ойида эса АҚШ бошчилигидаги махсус кучлар Венесуэла президенти Николас Мадурони ағдариб, ўғирлаб келди.

Колумбиянинг янги сайланган президенти Абелардо Де Ла эса қасамёд қилиш маросимидаги нутқида «ноқонуний экинлар балосини узил-кесил йўқ қилишга» ваъда берди. Шунингдек, у Трамп томонидан асос солинган «Америка қалқони» дастурига қўшилиш мажбуриятини олди.

Руминиядаги ягона АЭС ўчирилмоқда

Руминия мамлакатда ишлаётган ягона ядро реакторини Дунай дарёсидаги сув сатҳининг тушиб кетгани сабабли ўчиришни бошлади. «Чернаводе» АЭС ушбу сувдан реакторларни совитиш учун фойдаланган.

Июл ойи охирида атом электр станциясидаги биринчи реактор тўхтатилганди. Дунайда сув сатҳининг сезиларли ва барқарор пасайиши туфайли» иккинчи реакторни ҳам тўхтатиш зарур, демоқда расмийлар.

Эндиликда электр энергиясига бўлган эҳтиёж муқобил манбалар, хусусан, шамол энергетикаси ҳисобидан қопланади. Румия бутун август ойи давомида энергетик фавқулодда ҳолат режимини эълон қилди ва барчага электр энергияси истеъмолини камайтириш илтимоси билан чиқди.

Руминия сув ресурсларини бошқариш агентлигига кўра, Дунайда сув сатҳининг кўтарилиши 15 августдан бошлаб кутилмоқда. Чунки дарёнинг юқори оқимида ёғаётган ёмғирлар аста-секин бу қисмга етиб келади. Аммо АЭС ўз ишини қачон қайта тиклаши ҳозирча номаълум.

Аввалроқ Венгрия ҳам Дунай дарёсида сув сатҳининг пасайиши сабабли «Пакш» АЭС иши тўхтатилишини эълон қилганди. 2026 йилда Марказий Европадаги бир неча бор кузатилган аномал иссиқлик ва қурғоқчилик тўлқинлари сабабли Дунай дарёси жуда саёзлашиб қолган.