Транспорт воситалари ҳаракатини қулайлаштириш, ортиқча масофани қисқартириш ва чорраҳада тирбандликларнинг олдини олиш мақсадида Оқтепа майдони чорраҳасида ҳаракат тартиби ўзгартирилди.

Эндиликда Лутфий кўчасидан Нурафшон ва Сеул кўчалари томон ҳаракатланаётган ҳайдовчилар чорраҳадаги светофорнинг тегишли ишораси орқали тўғридан тўғри чапга бурилиши мумкин.

Аввал бу йўналишда ҳаракатланаётган транспорт воситалари Муқимий кўчасига ўтиб, у ердан қайрилиб олиши талаб этилар эди.

Шунингдек, Самарқанд Дарвоза кўчасидан келаётган транспорт воситалари учун ҳам янги чапга бурилиш йўналиши ташкил этилди.

Аввал Самарқанд Дарвоза кўчасидан Лутфий ва Муқимий кўчалари томон ҳаракатланиш учун Нурафшон кўчасига кириб, қайрилиб олиш зарур эди. Янги тартибга кўра, ҳайдовчилар светофорнинг тегишли ишораси орқали тўғридан тўғри чапга бурилиб, Муқимий ва Лутфий кўчалари томон ҳаракатланиши мумкин.

Ўзгаришлар натижасида ҳайдовчилар босиб ўтадиган масофа қарийб 600 метрга қисқарган. Шунингдек, Нурафшон ва Муқимий кўчаларида қайрилиб олиш жараёнида юзага келадиган тирбандликларни камайтириш кўзда тутилган.

Ҳисоб-китобларга кўра, янги ҳаракат тартиби ҳайдовчиларнинг йўлдаги вақтини одатий соатларда 4 дақиқагача, тиғиз вақтларда эса 10 дақиқагача қисқартиради.

Пиёдалар хавфсизлиги ва ҳаракатланиш қулайлигини таъминлаш мақсадида чорраҳада пиёдалар ўтиш йўлаклари ҳамда пиёдалар учун светофорлар ҳам ташкил этилди.