Давлат хавфсизлик хизмати ходимлари «Тошкент-Аэро» ихтисослаштирилган божхона комплекси билан ҳамкорликда хориждан йирик миқдорда гиёҳвандлик воситаларини олиб кириш билан боғлиқ ҳолатни фош этди.

Маълум қилинишича, «Бангкок — Тошкент» йўналишида учиб келган, 2004 йилда Жиззах вилоятида ва 1993 йилда Тошкент шаҳрида туғилган икки нафар фуқаро Тошкент халқаро аэропортида текширувдан ўтказилган.

Текширув давомида уларга тегишли юклар ичида шиша ва алюминий идишларга қадоқланиб, яширилган 4,6 килограмм «Мефедрон» синтетик наркотик моддаси борлиги аниқланган.

Шундан сўнг уларнинг Тошкент шаҳридаги яшаш манзили ҳам кўздан кечирилган. У ердан 1,5 литр гашиш мойи ва 8 литр эритувчи воситалар топилиб, белгиланган тартибда расмийлаштириб олинган.

Тезкор тадбирлар давом эттирилиб, хориждан келтирилган наркотик моддаларни Тошкент шаҳрида қабул қилиб олаётган вақтда 1997 йилда Жиззах вилоятида туғилган яна бир шахс ушланган. Ундан 635 грамм «Алфа-ПВП» гиёҳвандлик воситаси олинган.

Ҳозирда мазкур шахсларга нисбатан Жиноят кодексининг 246-моддаси 2-қисми — контрабанда билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Амалдаги қонунчиликка мувофиқ, ушбу турдаги жиноятларни содир этганлик учун 10 йилдан 20 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси белгиланган.