Болалар омбудсмани котибиятига Яшнобод туманида истиқомат қилувчи бир гуруҳ фуқаролардан мурожаат келиб тушган.
Мурожаатда фуқаролар қўшниси — 1989 йилда туғилган А.Т.нинг 2023 йилда туғилган ўғли А.И.га нисбатан мунтазам жисмоний зўравонлик содир этаётганини билдирган. Шунингдек, аёл болага ухлатувчи дори воситасини бериб, уни доимий равишда қаровсиз ва парваришсиз қолдириши айтилган.
Болалар омбудсманининг расмий сўрови асосида ҳолат ички ишлар органлари ҳамда Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги томонидан ўрганилди.
Ўрганиш натижасида болага нисбатан содир этилган муттасил тазйиқ ва қийнаш хатти-ҳаракатлари юзасидан Жиноят кодексининг 110-моддаси — қийнаш билан жиноят иши қўзғатилди. Шунингдек, болага ҳимоя ордери расмийлаштирилди.
Ҳозирда вояга етмаган боланинг саломатлигини тиклаш учун зарур тиббий муолажалар кўрсатилмоқда. Болалар омбудсмани маълумотига кўра, унинг соғлиғи барқарор ва яхши ҳолатда.
Шунингдек, туман васийлик органи томонидан боланинг қонуний манфаатларидан келиб чиқиб, вақтинча васийлик таъминланган.
Айни пайтда она А.Т.ни ота-оналик мажбуриятларини бажармагани сабаб оналик ҳуқуқидан маҳрум қилиш масаласида судга тақдим этиш учун тегишли ҳужжатлар тайёрланмоқда.
Болалар омбудсмани боланинг хавфсиз ва соғлом муҳитда яшашини таъминлаш мақсадида ушбу ҳолатни кузатишда давом этишини билдирди.











