Тошкент амалий фанлар университети грант танловини бошлади. Сизга бир неча балл етмай ўқишга кира олмадингизми? Ёки грантга кира олмаганингиз учун орзунгиздан воз кечмоқчимисиз? Балки ўзингиз хоҳламаган йўналишга тавсия этилгандирсиз?
Сизда ҳали ҳам ТАФУда грант асосида ўқиш имконияти бор. Бунинг учун бир дақиқалик мотивацион видео тайёрланг. Унда ўзингизни таништириб, мақсадларингиз ва нима учун айнан шу йўналишда ўқишни исташингизни айтиб беринг. Энг муносиб иштирокчилар 25, 50 ёки 100 фоизлик грантларни қўлга киритади.
Беш йиллик фаолият ва бир нечта кампус
Тошкент амалий фанлар университети 2021 йилда ташкил этилган. Ўтган беш йил давомида университет босқичма-босқич ривожланиб, бугунги кунда Тошкент шаҳрининг Чилонзор, Сергели, Миробод, Учтепа ва Яшнобод туманларида жойлашган бир нечта кампусда фаолият юритмоқда.
Бугун университетда иқтисодиёт, молия, педагогика, ахборот технологиялари, филология, психология, муҳандислик ва бошқа қатор йўналишлар бўйича мутахассислар тайёрланмоқда. 2025–2026 ўқув йилида эса университет 20 га яқин таълим йўналиши бўйича 5 мингдан ортиқ битирувчини катта ҳаётга кузатди.
Назария ва амалиёт уйғунлиги
Университет номидаги «амалий фанлар» ибораси ҳам таълим ёндашувининг асосий йўналишларидан бирига ишора қилади. Бу ерда назарий билимларни амалиёт билан уйғунлаштиришга алоҳида эътибор қаратилади.
Талабалар аудиторияда олган билимларини иккинчи курсдан бошлаб амалиёт жараёнида мустаҳкамлаш имкониятига эга. Университет жамоасининг таъкидлашича, бундан кўзланган асосий мақсад — битирувчиларни меҳнат бозорига тайёр ҳолда чиқариш.
Шу билан бирга, университет халқаро ҳамкорликни кенгайтириш, замонавий таълим технологияларини жорий этиш ва хорижий олий таълим муассасалари билан алоқаларни мустаҳкамлаш устида ҳам ишламоқда.

Битирувчиларнинг меҳнат бозоридаги натижалари
Университетнинг расмий маълумотларига кўра, 2025–2026 ўқув йилида университетни тамомлаган битирувчиларнинг қарийб 60 фоизи иш билан таъминланган.
Уларнинг аксарияти давлат ва хусусий секторда фаолият бошлаган бўлса, айримлари тадбиркорлик йўлини танлаган. Бу рақамлар ортида эса ўз мутахассислиги бўйича иш бошлаган минглаб ёшларнинг алоҳида ҳикоялари бор.

















