Ўзбекистонда автобусда йўлкира тўламаганлик учун жарима миқдори оширилиши мумкин. Бу ҳақда Тошкент шаҳар йўловчи ташишни мониторинг ва назорат қилиш давлат муассасаси директори Муҳаммаджон Қаҳҳоров «Ўзбекистон 24» телеканалига берган интервюсида айтиб ўтди.

«Автобусга чиққанда йўл ҳақи тўламаганлар чиптасиз йўловчи сифатида қайд этилиб, уларга нисбатан жарима жазоси қўлланиши белгиланган. Мазкур ҳолатларни аниқлаш учун назоратчи ходимларда планшетлар мавжуд. 2026 йилнинг ўтган 7 ойи мобайнида 82 мингдан ортиқ йўловчи йўл ҳақини тўламагани аниқланган. Ҳуқуқбузарлардан 2 млрд сўмдан зиёд жарима пуллари ундирилган», дейди мутахассис.

Қаҳҳоровнинг қўшимча қилишича, Вазирлар Маҳкамасининг 2026 йил 3 июндаги 276-сонли қарорида тегишли идораларга чиптасиз юрганлик учун жарима жазосини кучайтириш бўйича таклиф бериш вазифаси юклатилган. Бугунги кунда тегишли таклифлар ишлаб чиқилиб, Қонунчилик палатасига киритилган.

«Таклифлар шундан иборатки, биринчи маротаба йўл ҳақини тўламаганлар учун базавий ҳисоблаш миқдорининг иккидан бир қисми, яъни бу 1 сентябрдан 220 минг сўм, такроран содир этилса бир баравари, яъни 440 минг сўмгача жарима жазоси белгиланмоқда. Бундан асосий мақсад йўл ҳақи тушумининг тўлиқлигини таъминлаш, автобуслар иши шаффофлигини ошириш ва ишларни аниқ режалаштириш», дейди Муҳаммаджон Қаҳҳоров.

Маълумот учун, айни пайтдаги тартиб бўйича чиптасиз йўловчилардан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 144-моддаси 5-бандига кўра, БҲМнинг ўндан бир қисми, яъни 41 минг 200 сўм миқдорида жарима ундирилади.

Аввалроқ 1 сентябрдан бошлаб йўловчилар автобусга чиқиши билан йўлкира ҳақини тўлашлари шартлиги белгилангани хабар қилинганди.