Президентнинг 14 августдаги «Аҳолига муддатли тўлов хизматлари кўрсатилишини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори (ПҚ–294-сон) қабул қилинди.

Қарорга кўра, 2027 йил 1 январдан муддатли тўлов хизмати операторлари фаолияти йўлга қўйилади. Бунда банклар ва микромолия ташкилотларидан ташқари, муддатли тўлов хизматини кўрсатувчи юридик шахслар муддатли тўлов хизмати оператори ҳисобланади.

Юридик шахслар муддатли тўлов хизматларини кўрсатиш ҳуқуқига Марказий банк томонидан шакллантириладиган Муддатли тўлов хизмати оператори фаолиятини амалга оширувчи ташкилотлар реестрига киритилганидан сўнг эга бўлади.

Банклар ва микромолия ташкилотлари Марказий банкни хабардор қилиш орқали, бошқа юридик шахслар эса Марказий банкда ҳисоб рўйхатидан ўтиш орқали мазкур реестрга киритилади.

Шунингдек, кўчмас мулк, қонунчиликка мувофиқ муомаладан чиқарилган ёки муомалада бўлиши чекланган бошқа мулклар муддатли тўлов хизмати объекти бўлиши мумкин эмас.

Қарор билан муддатли тўлов хизмати операторлари фаолиятига қатор чекловлар ҳам белгиланди. Хусусан, уларга молиявий истеъмол кредитларини ажратиш ҳамда жисмоний шахслардан пул маблағларини жалб қилиш тақиқланади.

Бундан ташқари, операторларга муддатли тўлов хизматларини кўрсатиш шартномалари бўйича талаб қилиш ҳуқуқидан фақат бошқа муддатли тўлов хизмати оператори, микромолия ташкилоти ёки банк фойдасига воз кечишга рухсат берилади.