«Ижтимоий тармоқлар болалар учун зарарли». Бу – АҚШнинг Калифорния, Кентукки ва Ню-Мексико штатларида бўлиб ўтган шов-шувли суд ишларида чиқарилган кескин ҳукм эди. Кремний водийси (Silicon Valley) мисли кўрилмаган даражада ҳукмрон бўлиб турган бир пайтда, унинг энг машҳур ишланмаларидан бири – Meta'нинг маҳсулотлари ўзига жалб қилиш хусусиятига ва суд даъволарига эга.

Бугун, 18 август куни Калифорниянинг Окленд шаҳрида ижтимоий тармоқларга оид сўнгги суд иши бўйича очиқ эшитувлар бошланади. Калифорния ва бошқа штатлар Facebook ва Instagram эгаси — Meta компаниясига қарши даъво қўзғатган. Улар компания «ёшлар ва ўсмирларни жалб қилиш, уларнинг эътиборини тортиш ва охир-оқибат ўзига боғлаб қўйиш учун кучли ва мисли кўрилмаган технологиялардан фойдалангани»ни даъво қилмоқда. Meta эса бу айбловларни рад этмоқда.

New York Times'нинг ёзишича, аммо ижтимоий тармоқлар ва экранга қарамлик бўйича Кремний водийсидаги бир қатор раҳбарларининг ўзларида ҳам муаммо бор. Хусусан, нашр дунёнинг энг қудратли IT компаниялари раҳбарлари ўз оиласи ва фарзандларини қандай қилиб рақамли қарамликдан асраши ҳақидаги маълумотларни жамлади.

Марк Цукерберг

«Мен умуман олганда, болаларим узоқ вақт телевизор ёки компьютер қаршисида ўтиришларини хоҳламайман», деганди Meta бош директори Марк Цукерберг. «Одамлар билан мулоқот қилиш яхши, аммо контентни пассив равишда истеъмол қилиш, «шунчаки битта видеодан бошқасига ўтиш» – «бир хил ижобий фойда» бермайди, деб тушунтирганди у.

2017 йилда Цукербергнинг иккинчи фарзанди туғилганда, рафиқаси билан қизига очиқ хат ёзган. Улар номада «ташқарига чиқиш ва ўйнаш учун вақт ажратиш муҳим»лигини таъкидлашган. Гулларни ҳидлашга ва баргларни теришга эътибор қаратган. Аммо, хатда рақамли технологиялар ҳақида ҳеч нарса тилга олинмайди.