АҚШ-Эрон уруши
Эрон «тўлиқ ҳужумкор» ҳарбий позицияга ўтади, чунки АҚШ билан урушни бутунлай тугатиш бўйича музокара ҳаракатлари тўхтаб қолган. Бу ҳақда душанба куни Эроннинг юқори мартабали расмийси Reuters’га хабар берди.
«Эрон куч тузилмалари Ҳўрмуз бўғози ва кенгроқ минтақада зиддиятларни кучайтиришга тайёр бўлиши керак. Чунки Эрон қийин қарорлар қабул қилишга ва улар бўйича ҳаракат қилишига тўғри келади», деган эронлик расмий. Шунингдек, у дипломатия иш бермаса, АҚШнинг денгиз қамалини ёриб ўтиш учун Теҳрон «ўз вақтида ва аниқ» ҳарбий ҳужум уюштиришини қўшимча қилди.
Кеча АҚШ томони вақтинчалик ўт очишни тўхтатиш бўйича келишувни узайтириш масаласи кўтарилмаганини айтганди.
17 июн куни имзоланган вақтинчалик меморандум — Эрон ва АҚШга якуний тинчлик келишувига эришиш учун 60 кун муддат берган. Бу муҳлат душанба куни тугади. Ушбу келишув — Ҳўрмуз бўғози назорати бўйича келишмовчилик туфайли барбод бўлди.
Эрон ўзаро англашув меморандумининг 5-банди унга Ўмон билан бўғозни бошқариш ҳуқуқини беришини айтмоқда. АҚШ эса бу талқинни рад этди. Эронлик расмийга кўра, келгуси музокаралар учун дастлабки шарт сифатида АҚШ – бир неча ҳафта ичида меморандумнинг барча қоидаларини тўлиқ бажариши керак.
АҚШ эса Эрон-Ўмон музокараларидан норози. Хусусан, Доналд Трамп агар султонлик Американинг Эрон кемаларига қарши қамалига тўсқинлик қилса, уларга ҳам зарба бериш билан таҳдид қилди: «Агар Ўмон йўлимизга ғов бўлса, уларни аёвсиз бомбардимон қиламиз», деди Трамп.
Шу билан бирга, дипломатиянинг бир учқуни сифатида Трамп маъмурияти Эрондаги Муҳофизлар корпуси билан ҳам, сиёсий элита билан ҳам музокараларни олиб бораётгани айтилмоқда.
Урушга қарши инсон қамалди
Россиянинг мухолифатдаги «Яблоко» партияси юқори мартабали аъзоси Лев Шлосберг «армияни обрўсизлантиришга қаратилган оммавий ҳаракатлар»да айбдор деб топилди ва 11 йил 1 ойга ахлоқ тузатиш колониясига ҳукм қилинди.
Шлосберг урушни Россия учун ҳалокат деб атаганди. Кремлга кўра, у армия ҳақида туҳматдан иборат ёлғон тарқатмоқда. Душанба куни Псковдаги судда Шлосберг ўзининг айбсизлигини таъкидлаб, сиёсий суд жараёни қурбони эканини айтди.
Ўзининг якуний сўзида Шлосберг қўшни Украинадаги урушда зудлик билан ўт очишни тўхтатиш чақириғини такрорлаган.
















