АҚШ-Корея машғулотлари қисқартирилади
Доналд Трамп 16 август куни Пентагонга Жанубий Корея билан 10 кунлик қўшма ҳарбий машғулотларни «сезиларли даражада қисқартириш»ни буюрди. АҚШ президенти буни машғулотлар харажати ва Сеулнинг Эронга қарши ҳаракатларда иштирок этишдан бош тортгани билан изоҳлади.
Машғулотлар бошланишидан бир неча соат олдин Трамп ўзининг Truth Social ижтимоий тармоғида пост жойлади. Унда у АҚШ машғулотларда иштирок этишга рози бўлганидан «хурсанд эмаслиги»ни билдирди. Шунингдек, Шимолий Корея етакчиси Ким Чен Ин билан «жуда яхши муносабатлар»га эга эканини айтди.
«Шимолий Кореядаги Ким Чен Ин билан жуда яхши муносабатларим борлигини ҳисобга олсак, Қўшма Штатлар Жанубий Корея билан қўшма ҳарбий машғулотларда иштирок этишга аллақачон розилик берганидан норозиман», деб ёзди Трамп.
Маълумот учун, 17-27 август кунлари Жанубий Кореянинг 18 мингга яқин ҳарбий хизматчиси иштирокида Ulchi Freedom Shield қўшма ҳарбий машғулотлари ўтказилиши режалаштирилган. Машғулотлар дронларга қарши курашиш, GPS сигналларини узиб қўйиш ва киберҳужумларни ўз ичига олиши кутилмоқда. Жанубий Корея томони машғулотлар режалаштирилганидек 17 август куни бошланганини маълум қилди, бироқ Трампнинг гапларига изоҳ беришдан бош тортди.
Кушнер Ҳамас раҳбари билан учрашди
АҚШ президенти Доналд Трампнинг махсус вакили ва куёви Жаред Кушнер Ғазо сектори бўйича тинчлик режасини амалга ошириш доирасида Мисрда Ҳамас раҳбарияти вакиллари билан учрашди.
Axios нашри маълумотларига кўра, Кушнер ва Ҳамас вакиллари ўртасидаги музокара қарийб 90 дақиқа давом этган. Манбалар суҳбатни «жуда самарали» деб баҳолаган. Асосий масала Ҳамаснинг қуролсизланиш бўйича ўз зиммасига олган мажбуриятларини амалда бажаришига қаратилган. Кушнер учун Ҳамас раҳбарлари бу мажбуриятларни ўз зиммасига олиши муҳим бўлган. У Ҳамас вакилларига агар улар Исроил томонидан ҳам келишувда кўзда тутилган чоралар амалга оширилишини истаса, қуролсизланиш йўлида аниқ қадамлар ташлаши кераклигини билдирган.
Axios маълумотига кўра, музокараларда «Тинчлик кенгаши» бош директори Николай Младенов, Буюк Британия собиқ бош вазири ва кенгаш аъзоси Тони Блэр, шунингдек, кенгашнинг катта маслаҳатчилари Аре Лайтстоун ва Лиран Танкман иштирок этган.
















