Самарқандлик Азиза 18 йил аввал АҚШга келганида бирорта овқат пиширолмасди. Бугун эса у Мериленд штати Геитерберг шаҳрида ўзбекона ошхонанинг эгаси. Азизанинг палови ва салатлари, ширинликларини егани қўшни штатлардан хўрандалар келади. Хўш, чойхонанинг ўзгачалиги нимада? Kun.uz Мерилендда бўлиб, чойхонада ўзбек тадбиркори билан суҳбатлашди.
Мериленд Вашингтон шаҳрига қўшни штат. Асосан лотин Америкаси фуқаролари ва қисман МДҲ давлатларидан одамлар бу ерда қўним топган. Самарқандлик Азиза Амирқулова 18 йил аввал АҚШга ўқигани келган ва ўтган йиллар давомида бир марта ҳам ватанига бормади. У турмушга чиққан, фарзандлари бор. Бироқ турмуш ўртоғи Азим 2019 йилда оғир хасталикдан вафот этди, рўзғор Азизанинг бўйнида қолди. У турмуш ўртоғи билан очган чойхонасини имкон қадар юритиб келмоқда. Бу менинг ҳаётимга айланди, эркак ҳам, аёл ҳам ўзимман, дейди суҳбатдошимиз ошхонаси юмушларига тўхталиб.
Емакхонага “Silk road choyxona” номи берилган. Ресторан, кафе эмас, чойхона деб камтарона номлашни истадик. Чунки Буюк ипак йўлида тарихан бой ва катта ҳудудни қамраб олган, кўпчиликка таниш, дейди ўзбек тадбиркори.
Азиза Амирқулованинг таъкидлашича, унинг қўлида 10 га яқин одамлар ишлайди. Улар орасида чучвара тугадиган гондураслик аёл, украиналик ва россиялик официантлар, ўзбек ошпази ва бошқа ишчилар фаолият юритмоқда. Бу чойхонани юргизиш учун 1 ойда камида 30-40 минг АҚШ доллари керак, дейди эгаси.
“Идиш ювадиган қизимиз кунига 100 доллар, чучвара ва сомса қиладиган аёл ҳафтасига камида 720 доллар, ошпазимиз эса ундан ҳам кўп олади. Ҳафтасига 3-4 минг долларга бозорлик қиламан, ойлик ижара ҳақи 6,5 минг, коммунал тўловлар 2,5 минг доллар”, дея қўшимча қилади Амирқулова.
Азизанинг айтишича, унинг чойхонаси муваффақияти – ҳалол ва тоза, таомларнинг мазасида. Овқатларимиз уйдагидек, одамлар ёшлигини ёки онаси, бувисини эслайди. Айнан шу таъм ва ҳис учун узоқ штатлардан ҳам овқатлангани келишади, дейди у.
“Масалан, сомсани печда пиширамиз, тандиримиз йўқ. Лекин ўша одамлар уйида ҳам печда пишириб еган-ку, тўғрими? Уйини, бувисини, онасини эслайди. Паловимни ҳаттоки, Вашингтондаги Жаҳон банкида ишлайдиганлар буюртма қилади”, дейди тадбиркор.
Амирқулованинг таъкидлашича, чойхонада байрам ва банкетлар, ҳаттоки тўйлар ҳам ўтказилади.
“Ўзбек қизимиз душанбелик бир йигитга турмушга чиқди. Бизга келишди, ҳаммалари ёшлар ва пуллари унақа кўп эмас. Тўйчиларга ош, шашлик, турли хил салатлар ва ширинликлар тайёрлаб бердим. Ҳаммалари маза қилиб ўтиришди, мен учун жуда ўзгача тажриба бўлди”, дейди Азиза.
Тадбиркорга кўра, у чойхонасидаги сифат ва таъмни, ҳалолликни ҳеч нимага алишмайди. Бу унинг ошхонаси ташриф қоғози бўлиб қолади.
Суҳбатни Kun.uzʼнинг YouTube’даги саҳифасида тўлиқ томоша қилинг.








