Йўл ҳаракатини ташкил этиш маркази мутахассислари Буюк ипак йўли кўчасининг «Тўра Бува» масжидидан Салом кўчасигача бўлган қисмида жойлашган 13 та чорраҳадаги светофорларнинг ўзаро мувофиқ ишлашини таъминлаб, «Яшил тўлқин» тизимини ишга туширди.

Маълум қилинишича, тизим эрталабки тирбандлик вақтида шаҳар маркази томон ҳаракатланаётган транспорт оқими учун, кечқурун эса қарама-қарши йўналишда ишлайди.

Светофорлар фаолиятининг синхронлаштирилиши натижасида мазкур йўналиш бўйлаб ҳаракатланиш вақти сезиларли даражада қисқарган. Хусусан, «Тўра Бува» масжидидан Салом кўчасигача бўлган масофани босиб ўтиш вақти ўртача 8,5 дақиқадан 6 дақиқагача, яъни 29 фоизга камайган.

Қарама-қарши йўналиш — Салом кўчасидан «Тўра Бува» масжидигача бўлган қисмида эса сафар вақти 10 дақиқадан 8 дақиқагача, яъни 20 фоизга қисқарган.

Мутахассисларнинг таъкидлашича, «Яшил тўлқин» тизимидан самарали фойдаланиш учун ҳайдовчилар Йўл ҳаракати қоидаларига амал қилиши ва белгиланган 40–60 км/соат тезликда ҳаракатланиши лозим. Ана шундай ҳолда чорраҳалардан қизил чироқда деярли тўхтамасдан ўтиш имконияти яратилади.

Айни пайтда Йўл ҳаракатини ташкил этиш маркази Тошкент шаҳрининг ақлли светофорлар ўрнатилган бошқа кўчаларида ҳам «Яшил тўлқин» тизимини босқичма-босқич жорий этиш бўйича ҳисоб-китоб ва лойиҳалаш ишларини олиб бормоқда.