Президент «Ўзбекфилм» киностудиясида киноижодкорлар билан учрашув ўтказмоқда. Давлат раҳбари бу даргоҳда миллий кино тарихи, бир неча авлод ижодкорларининг меҳнати, халқимизнинг экранга кўчган орзулари, интилишлари ва армонлари мужассам эканини таъкидлади.

«Маҳаллада дув–дув гап», «Ўтган кунлар», «Шум бола», «Чинор остидаги дуэл», «Суюнчи» каби филмларнинг қаҳрамонлари хотирамизда яқин инсонлардек сақланиб қолган. Улардаги бир лавҳа, бир оғиз сўз ёки таниш куй болалигимиз, бобо-бувиларимиз ва қадрдон маҳалламизни кўз олдимизда гавдалантиради.

Президент ўз даврида сиёсий ва мафкуравий босимлар қанчалик оғир бўлмасин, ижодкорларимиз ана шундай миллий санъат асарларини ярата олганини таҳсинга сазовор деб баҳолади.

«Ўзбекфилм» яратган бу мактаб мустақиллик йилларида ҳам давом эттирилди. «Абдуллажон», «Отамдан қолган далалар», «Дилхирож», «Ватан», «Ўтов» сингари халқимизга манзур филмлар яратилди.

Мамлакат етакчиси ўн йил олдин «Ўзбекфилм» киностудияси қандай аҳволда бўлганини ёдга олди. Ислоҳотларнинг илк кунларидан студияни тиклаш ва ижодкорлар учун муносиб шароит яратишга алоҳида эътибор қаратилгани қайд этилди.

Бу қадрли маскан тўлиқ реконструкция қилинди. Сўнгги ўн йилда соҳани қўллаб-қувватлашга қаратилган иккита фармон ва саккизта қарор қабул қилинди.

2016 йилда филмлар олиш учун давлат буджетидан 10 миллиард сўм ажратилган бўлса, жорий йилнинг ўзида 218 миллиард сўм берилди.

Давлат раҳбари натижада миллий филмларнинг салмоғи ва сифати ошганини, соҳага ўнлаб хусусий киностудиялар кириб келганини таъкидлади.

Президент янги даврда яратилган тарихий филмларга тўхталди. Улар орасида «Исломхўжа», «Ибрат», «Авлоний», «Абдулла Қодирий», «Қўқон шамоли», «Муқимий», «Илҳақ», «Ўзбек қизи», «Баҳодир Ялангтўш» бор.

Миллий кадрларнинг янги авлоди етишиб чиқди. Давлат раҳбари бунда киноижодкорларнинг муносиб ҳиссаси борлигини қайд этди.

«Олтин глобус» халқаро кино мукофоти тарихида Марказий Осиё ва Кавказ киноижодкорларини тақдирлаш маросими илк бор Тошкентда ўтказилди. Учрашувда иштирок этаётган актриса Гулчеҳра Жамилова «Меридиан» мукофотига сазовор бўлди.