Президент Шавкат Мирзиёев киноижодкорлар билан учрашувда ўз вақтида ўзбек киносида дурдона асарлар яратилгани, лекин кейинроқ «Ўзбекфилм» қийин аҳволга тушиб қолгани ҳақида гапирди.

«Қишлоғимизда битта кинотеатр бўларди. Лекин у ерга ҳамма ҳам сиғмасди. Кинони дарахтга чиқиб кўрардик. Лекин кино бошланганидан кейин 15 марта свет ўчарди. Бир соатлик кинони беш соат кўрардик.

Шундай кунларни бошимиздан ўтказганмиз. «Маҳаллада дув-дув гап», «Ўтган кунлар», «Шум бола», «Чинор остидаги дуэл», «Суюнчи» каби филмларни ёдга олайлик.

Улардаги бир лавҳа, бир оғиз сўз ёки таниш куйни эшитишнинг ўзи болалигимизни, бобо-бувиларимиз, қадрдон маҳалламизни кўз олдимизда гавдалантиради.

Мен ҳам бугун лавозимимдан қатъи назар, халқдан ажралмаган ҳолда бир қишлоқда ўсган одамман. Мен ҳеч қачон у кунларимни унутмайман. Мактабимни ҳам, ўша кинозалимизни ҳам, дарахтга чиқиб ўтирганимизни ҳам, стадион йўқлигидан кечаси оёғимиз қон бўлиб футбол ўйнаганимизни ҳам.

Миллий санъат асарларини ярата олганлар таҳсинга сазовор. «Ўзбекфилм» яратган мазкур мактабни мустақиллик йилларида ҳам ижодкорларимиз муносиб давом эттириб, «Абдуллажон», «Отамдан қолган далалар», «Дилхирож», «Ватан», «Ўтов» сингари халқимизга манзур филмлар яратилди.

Ана шундай улуғ тарихга эга киностудиянинг бундан 10 йил олдинги аҳволини ким эслайди? «Ўзбекфилм совунлари» деган ибора бор экан. «Ўзбекфилм шпаклёвкалари» деган гап ҳам юраркан. «Ўзбекфилм краскалари» деган гаплар ёдингиздан чиқмайди.

Шу боис, ислоҳотларимизнинг илк кунларидан «Ўзбекфилм»нинг қаддини тиклаш, ижодкорлар учун муносиб шароит яратишга алоҳида эътибор қаратдик», деди давлат раҳбари.