Ўзбекистонда Кинематография агентлиги тугатилиб, кино соҳасида давлат сиёсатини юритиш ваколати Маданият вазирлигига ўтказилади. Бу ҳақда президент Шавкат Мирзиёев «Ўзбекфилм» киностудиясида ижодкорлар билан учрашувда маълум қилди.

Президент соҳани бошқариш, молиялаштириш ва филм яратиш вазифалари аниқ ажратилиб, янги тизимга ўтилишини маълум қилди. Аввало, ихчам ва замонавий бошқарув йўлга қўйилади.

Хусусан, вазирликда Кино санъати департаменти ташкил этилади. Департамент раҳбарининг мақоми вазир ўринбосарига тенглаштирилади.

Масъулларга бир ойда департамент фаолиятини самарали йўлга қўйиш, Кинематография агентлиги ва унинг тизимидаги ташкилотларни тугатишни таъминлаш топширилди.

«Ўзбекфилм»нинг ташкилий ва иқтисодий модели янгиланади. Давлат муассасаси тугатилиб, замонавий бизнес модели асосида ишлайдиган янги «Ўзбекфилм» миллий кинокомпанияси ташкил этилади.

Президент янги кинокомпания миллий кино брендини яратиш ва замонавий киноиндустрияни ривожлантириш бўйича таянч марказ ҳамда бош оператор бўлишини таъкидлади.

«Ўзбекфилм» миллий кинокомпанияси филм ишлаб чиқармайди. Филмларни яратиш тўлиқ хусусий секторга ўтади. Компания лойиҳаларни танлаш ва молиялаштириш, филмларни тарғиб қилиш, тарқатиш, халқаро бозорлар ва фестивалларга олиб чиқиш билан шуғулланади.

Бу орқали филмни ишлаб чиқаришдан томошабинга етказиб беришгача бўлган жараён яхлит тизимга бирлашади. Миллий кинокомпания фаолиятини бир ҳафта муддатда йўлга қўйиш топширилди.

Президент киноларни молиялаштиришда давлат буюртмаси амалиётидан субсидия асосида қўллаб-қувватлаш тизимига ўтилишини маълум қилди.

«Бундан буён давлат филмнинг буюртмачиси эмас, ижодкорлар ва хусусий секторнинг ишончли ҳамкори бўлади», – деди мамлакат раҳбари.

Филм ишлаб чиқаришда техник топшириқлар эмас, ижодий жараён ва унинг талабларига устуворлик берилади. Янги молиялаштириш механизмини бир ой муддатда жорий этиш вазифаси қўйилди.

Келгуси йилдан бошлаб ҳар йили «Ўзбекфилм» миллий кинокомпанияси сўровига кўра бюджетдан тегишли маблағ ажратиб борилади.