Метро – ҳар куни миллиондан ортиқ йўловчига хизмат кўрсатадиган стратегик транспорт тизими. Шу сабабли, унинг молиявий фаолияти, раҳбарият харажатлари ва ходимлар учун тақдим этилаётган имтиёзлар жамоатчилик эътиборидан четда қолмаслиги табиий.

Ижтимоий тармоқларда метрополитен раҳбарияти ва айрим ходимларига тегишли экани айтилган ҳисоб-варақалар тарқалди. Улардаги айрим суммалар ўнлаб, ҳатто юзлаб миллион сўмни ташкил этади. Мисол учун, бир ходимнинг 2025 йил ноябридаги ҳисоб-варақасида 83 млн 254 минг сўмдан зиёд сумма қайд этилган. Табиийки, бу рақамлар "метрополитен раҳбарининг ойлиги шунча эканми?" деган саволни келтириб чиқарди. Аммо масьуллар мазкур суммаларни соф иш ҳақи сифатида қабул қилмаслик кераклигини айтмоқда.

"Тошкент метрополитени" АЖ раиси ўринбосари Йўлдош Юсуповнинг Kun.uz’га маълум қилишича, ижтимоий тармоқларда кўрсатилган катта суммалар таркибида хизмат сафари билан боғлиқ харажатлар мавжуд.

"Аввало, ижтимоий тармоқларда тарқалаётган рақамларни фақат иш ҳақи сифатида талқин қилиш нотўғри. Метрополитен ходимларининг ҳисоб-варақаларида маълум бир ойда уларга тўланган жами маблағ акс этади. Бу сумманинг ичида бевосита иш ҳақи билан бир қаторда хизмат сафарига доир харажатлар, белгиланган тартибдаги бошқа тўловлар ҳам бўлади. Метрополитенни ривожлантириш, хорижий тажрибани ўрганиш ва замонавий технологияларни ўзлаштириш мақсадида ходимларимиз мунтазам равишда бошқа давлатларга хизмат сафарларига юборилади. Бунда ходимнинг бориб-келиши, авиачипта ёки умумий транспорт харажатлари, меҳмонхонада яшаши, овқатланиши ва сафар билан боғлиқ бошқа зарур тўловлар корхона томонидан қопланади. Ҳисоб-варақадаги жами тўлов билан ходимнинг иш ҳақини бир хил деб ҳисоблаш хато тушунча. Хизмат сафари харажатлари ходимнинг шахсий даромади саналмайди, бу хизмат вазифасини бажариш учун амалга оширилган харажатдир. Шу сабаб, ижтимоий тармоқларда тарқалган ҳисоб-варақадаги умумий суммани олиб, "фалон раҳбар бир ойда шунча маош олган" деган хулоса чиқариш тўғри эмас", – дейди Йўлдош Юсупов.

"Бир оиладан уч авлод ишлайди"

Метрополитен атрофидаги иккинчи катта баҳс – қариндош-уруғчилик масаласи. Ижтимоий тармоқларда корхонада қариндошлар ва таниш-билишлар кўплиги, айрим оилаларнинг бир неча вакиллари бир тизимда ишлаши ҳақида танқидлар билдирилди. Метрополитен вакили бундай ҳолатлар мавжудлигини инкор этмади. Унинг айтишича, корхонада уч авлод: ота, фарзанд ва набира бир тизимда ишлаётган ҳолатлар ҳам бор.