Алабама университети баскетбол жамоаси ўйинчиси Дариус Майлз 2023 йил 15 январь куни кампус яқинида отишма содир этди. Оқибатда 23 ёшли қиз ҳалок бўлиб, яна бир неча талаба жароҳатланди. Март ойида NYT анонимлик шарти орқали гувоҳлар билан суҳбатлашган мухбирнинг репортажини эълон қилди. Журналистнинг суҳбатдошларидан бири яна бир баскетболчи — Кай Спирс отишма вақтида кампус яқинида тўхтаб турган машинада бўлганини айтган. Кўп ўтмай, нашр ўз хатосини тан олиб, матндаги ноаниқликни кўрсатиб ўтган.
Шунга қарамай, Спирс NYT нашрини туҳматда айблаб, газета бу орқали унинг шахсий ҳаётига тажовуз қилгани ва кучли ҳиссий ларзага сабаб бўлганини даъво қилди. Ҳакамлар ҳайъати даъвогар тарафини олди.
NYT ҳукм ҳақидаги репортажида газета 50 йилдан ортиқ вақт давомида бирорта мақоласи юзасидан туҳмат даъвосида ютқазмаганини қайд этди. Газета аввалги шов-шувли ишларда (жумладан, Сара Пейлин ва Доналд Трампнинг даъволарида) ғолиб чиққан эди.
NYT вакили Чарли Штадтландер буни «беғараз хато» деб атади ва нашр ҳукмдан ҳафсаласи пир бўлганини, уни асоссиз деб ҳисоблашини ҳамда апелляция бериш имкониятини ўрганаётганини маълум қилди.









