Бир неча йил аввал талабалар йиғини сифатида илк бор ўтказилган Бутунжаҳон роботлар ўйинлари бу йил дунёдаги деярли барча йирик оммавий ахборот воситалари эътиборини жалб қилаётган катта тадбирга айланди. Мусобақа норасмий равишда «роботлар Олимпиадаси» деб аталмоқда.

Унда 16 мамлакатдан 666 жамоа 2 мингдан ортиқ роботлари билан иштирок этмоқда. Улар орасида фақат аккумуляторини алмаштириш учунгина инсон ёрдамига муҳтож бўлган тўлиқ автоном роботлардан тортиб, ҳали ҳам ташқи бошқарув талаб қиладиган машиналаргача бор.

Роботлар нафақат спорт турларида, балки кундалик ҳаётда фойдали бўлиши мумкин бўлган ишлар, масалан, гайкани бураш, шиша ва турли чиқиндиларни кўтариш, ҳаттоки жой йиғиш бўйича ҳам баҳслашишади.

Пекиндаги X-Humanoid одамсимон робототехника инновация маркази томонидан яратилган робот 100 метр масофани 9,39 сонияда босиб ўтди. Бу ямайкалик Усейн Болт томонидан 2009 йилда ўрнатилган 9,58 сониялик жаҳон рекордидан тезроқ кўрсаткич ҳисобланади.

Бироқ ўйинлар расмий очилишидан аввалроқ Honor компаниясининг Lightning роботи намойиш вақтида ундан ҳам тезроқ — 9,32 сония натижа кўрсатганди. Шуниси ҳам борки, роботлар тез югуришни яхши ўрганган бўлса-да, тўхташни яхши ўзлаштиришмаган. Улар маррага етганидан сўнг на тўхтайди, на бурилади. Натижада тўсиққа бориб урилиб, парчаланиб кетади. Lightning билан ҳам шундай бўлди ва у мусобақада қатнашмади.

Lightning жорий йил апрелида ярим марафон масофасида рекорд ўрнатганди — 50 дақиқа 26 сония. Бу эфиопиялик Йомиф Кежелча томонидан ўрнатилган 56 дақиқа 51 сониялик жаҳон рекордига қараганда анча яхши натижа ҳисобланади.

Яна бир рекорд ҳам X-Humanoid роботига тегишли бўлди. У баландликка сакрашда 2,88 метр натижа қайд этди. Кубалик машҳур спортчи Хавиер Сотомайорнинг 1993 йилдан бери ҳеч ким янгилай олмаётган рекорди эса 2,45 метр.

Бутунжаҳон роботлар ўйинлари 26 августгача давом этади.