Қадимдан Буюк ипак йўли чорраҳаларидан бири бўлган Навоий ҳудудида янги туристик масканнинг ташкил этилиши ҳудуднинг сайёҳлик салоҳиятини янада оширишга хизмат қилиши кутилмоқда.

8 миллион АҚШ доллари қийматидаги лойиҳа 4 гектар майдонни эгаллайди. Мажмуада тропик ва субтропик боғ, экзотик ўсимликлар, ранг-баранг гуллар, фавворалар ва сув ҳавзалари, болалар майдончалари, замонавий аттракционлар, ресторан ва оилавий дам олиш зоналари ташкил этилди. Шунингдек, инновацион ва сунъий интеллект технологияларидан фойдаланиш режалаштирилган.

Лойиҳанинг муҳим йўналишларидан бири агротуризм бўлади. Мажмуа ҳудудидаги замонавий иссиқхоналарда қулупнай, голубика, помидор ва бодринг етиштирилади. Меҳмонлар иссиқхоналардаги жараёнлар билан танишиши, шунингдек, чорвачилик йўналиши орқали қишлоқ хўжалиги билан яқиндан танишиши мумкин бўлади.

Мажмуа М37 халқаро автомобиль йўли бўйида жойлашган. Ушбу йўналишда кунига қарийб 40 мингта автомобиль ҳаракатланади. Бу эса масканни нафақат Навоий аҳолиси, балки бошқа ҳудудлардан келувчи меҳмонлар, автотуристлар ва хорижий сайёҳлар учун ҳам қулай дам олиш нуқтасига айлантириш имконини беради.

“Malik Karvon Family Park” сентябрь ойида ишга туширилиши режалаштирилган. Лойиҳа доирасида 150 та янги иш ўрни яратилади.

Янги мажмуа Буюк ипак йўли бўйидаги тарихий ҳудуднинг туристик имкониятларини замонавий дам олиш, агротуризм ва кўнгилочар хизматлар билан бирлаштирадиган масканлардан бирига айланиши кутилмоқда.