Қозоғистон президенти Қосим-Жўмарт Тўқаев эркакларнинг қучоқлашиб кўришишларини кескин танқид қилди ва бу мамлакат урф-одатларига зид эканини таъкидлади.

«Эркаклар бир-бирини қучоқлаши, ўпиши, аёллар эркакларни, эркаклар эса аёлларни ўпишлари яхшимас. Бизнинг урф-одатларимизда ҳеч қачон бундай бўлмаган», — деди у Остонада парламент сайловларида овоз берганидан кейин журналистлар билан суҳбатда.

Тўқаевнинг қўшимча қилишича, ҳарбийларни бундай ҳолатда тасаввур ҳам қилиб бўлмайди.

«Эркаклар бир-бирига қўл узатиб, маҳкам сиқиб қўришиши керак. Қўлни илиқ котлет ёки новда каби бўш узатиб эмас, балки табассум билан саломлашиш керак, аммо ундан ортиғи эмас. Айниқса, ҳарбий либосдагилар. Генераллар ҳам бир-бирини қучоқлай бошлаяпти. Бу нимаси?» — дея эътироз билдирди у.

Якшанба куни Қозоғистонда янги бир палатали парламент — қурултой сайловлари бўлиб ўтмоқда. Қонунга кўра, Қурултой сайланганидан сўнг ҳукумат ўз ваколатларини топшириши ва шунга мувофиқ янги Вазирлар Маҳкамаси шакллантирилиши керак.