DW хабарига кўра, Мерц 29 сентябр куни журналистлар саволларига жавоб берар экан, Украинага кўмакни кучайтириш бўйича Европа ҳамкорлари билан жадал маслаҳатлашувлар олиб борилаётганини айтган.

Унинг сўзларига кўра, муҳокамалар 15–16 октябр кунлари Брюсселда ўтказиладиган Европа кенгаши йиғилишига тайёргарлик доирасида кечмоқда. Асосий эътибор Украина бюджетига ёрдам ва ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимларига қаратилган.

Мерц ҳаво мудофаасини Украина мудофаасининг «энг заиф нуқтаси» деб атаган. Аввалроқ Украина президенти Володимир Зеленский ҳарбий харажатлар учун қарийб 27 миллиард доллар етишмаётганини билдирган эди.

Канцлер Киевга ҳаво мудофаа воситаларини етказиб бериш масаласида жаҳон етакчилари билан шахсан музокара олиб бораётганини айтган. Шунингдек, у Россиянинг фуқаролик инфратузилмасига зарбалари давом этиши эҳтимоли шароитида Украина энергия таъминотини қишга тайёрлашга умид билдирган.

«Булар ҳар куни содир этилаётган ҳарбий жиноятлардир», — деган Мерц Россия ҳужумлари ҳақида.

Канцлер Тўқаев билан Россиянинг Украинага қарши уруши батафсил муҳокама қилинганини билдирган. У Қозоғистон раҳбарига Владимир Путин билан урушни тугатиш ҳақида гаплашгани учун миннатдорлик билдириб, Германия Киевни қўллаб-қувватлашни, жумладан, дипломатик саъй-ҳаракатларни давом эттиришини таъкидлаган.

Шу муносабат билан Мерц Германия ташқи ишлар вазири Йоҳанн Вадефулнинг Ню-Йоркда Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров билан яқинда ўтказган учрашувини тилга олган. Канцлернинг фикрича, Россиянинг учрашувга муносабати Москва ҳозирча «жиддий музокаралар»дан манфаатдор эмаслигини кўрсатган.

Тўқаев эса Путин билан «жуда яхши муносабатлар»га эга эканини айтиб, Украинадаги уруш юзасидан фикрларини тинглагани учун унга миннатдорлик билдирган.

Қозоғистон президенти урушнинг дарҳол тўхташини кутмаётганини, аммо уни «музлатиш»ни можарога барҳам бериш ва дипломатияга ўтиш йўлидаги биринчи қадам деб билишини айтган. У ёзда ҳам шундай таклифни илгари сурган эди.

Тўқаев Қозоғистон бошиданоқ БМТ низомига, жумладан, барча давлатларнинг ҳудудий яхлитлиги тамойилига содиқлигини билдириб келаётганини таъкидлаган. Бу позиция унинг Германия президенти Франк-Валтер Штайнмайер билан учрашуви якунидаги қўшма баёнотда ҳам қайд этилган.