АҚШнинг Невада штати ғарбида, Калифорния билан чегарага яқин ҳудудда йирик табиий ёнғин тарқалмоқда.

Рино шаҳри мэри Ҳиллари Шивнинг CNN телеканалига маълум қилишича, тез тарқалаётган ёнғин сабаб 40 мингдан ортиқ киши ўз уйларини тарк этишга мажбур бўлган.

Яна 45 минг нафар аҳолига эҳтимолий эвакуацияга тайёр туриш бўйича кўрсатма берилган.

Ёнғин 6 минг гектардан ортиқ майдонни қамраб олди

Hawk номи берилган ёнғин 22 август куни бошланган. Орадан бир сутка ўтиб, олов қамраб олган майдон 6 минг гектардан ошган.

Ёнғин Рино шаҳридан тахминан 8 километр масофада тарқалмоқда.

Калифорния чегараси яқинида жойлашган Рино шаҳрида 280 мингдан ортиқ аҳоли истиқомат қилади. У Лас-Вегас агломерациясидан ташқаридаги Неваданинг энг йирик шаҳри ҳисобланади.

Олти киши жабрланди

ОАВ маълумотларига кўра, ёнғин оқибатида камида олти киши жабрланган. Улар орасида уч нафар ўт ўчирувчи ҳам бор.

Шунингдек, бир нечта турар жой биноси ёниб кетгани хабар қилинмоқда.

Невада губернатори Жо Ломбардо Рино маъмурий маркази ҳисобланган Уошо округида фавқулодда ҳолат эълон қилди.

Унинг таъкидлашича, олов тез суръатларда тарқалмоқда ва турар жойларга ҳам хавф соляпти.

Вазият сабаб Уошо округидаги мактабларда 24 август куни дарслар бекор қилинган.

Ёнғинга инсон омили сабаб бўлгани айтилмоқда

Фавқулодда хизматлар дастлабки маълумотларга таяниб, ёнғин келиб чиқишига инсон фаолияти сабаб бўлганини билдирган. Бироқ ҳозирча бу бўйича қўшимча тафсилотлар очиқланмаган.

Ёнғин сабабларини аниқлаш бўйича суриштирув давом этмоқда.

Ўт ўчириш хизмати маълумотига кўра, ҳудуддаги иссиқ ва қуруқ об-ҳаво ҳамда кучли шамол оловнинг тез тарқалишига шароит яратмоқда. Асосан қуруқ ўтлар ва буталар ёнмоқда.