2026 йил 23 август куни Тошкент шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Озарбойжон Республикаси Президенти Илҳом Алиев иштирокида онлайн форматда «ABB DAVR» банки лойиҳасининг очилиш маросими бўлиб ўтди. Ушбу маросим Озарбойжон томонидан Ўзбекистонда амалга оширилаётган лойиҳаларнинг очилиши ва тамал тошини қўйишга бағишланган тадбир доирасида ўтказилди.

Озарбойжон Республикаси Президенти Илҳом Алиев ушбу воқеани Озарбойжоннинг етакчи банкларидан бирининг Ўзбекистон бозорига чиқиши деб атади.

Лойиҳа ABB банки томонидан Ўзбекистоннинг тижорат банкларидан бири бўлган «Davr Bank» акцияларининг асосий назорат пакетини сотиб олишни ҳамда мамлакат бозорида «ABB DAVR» бренди остида фаолият юритишни назарда тутади.

Эслатиб ўтамиз, 22 август куни Тошкентда бўлиб ўтган IV Ўзбекистон-Озарбойжон ҳудудлараро форуми доирасида АBB банки Бошқаруви раиси Аббос Ибрагимов ва «Davr Bank» таъсисчиси ҳамда Кузатув кенгаши раиси Лутфулла Убаев АBB банки томонидан «Davr Bank» акцияларининг асосий назорат пакетини сотиб олиш бўйича келишувни имзолаган эдилар.

Шу тариқа, мазкур лойиҳага старт берилди ва ABB банки 2026–2028 йилларга мўлжалланган стратегик ривожланиш режасида кўзда тутилган географик кенгайиш мақсадига мувофиқ, Ўзбекистон молия бозорига чиқди.

«АBB Davr» бренди остида банк Ўзбекистоннинг барча ҳудудларида корпоратив ва чакана мижозларга универсал молиявий хизматлар кўрсатади. АBB банки Молия гуруҳи Ўзбекистон бозорида сўнгги йилларда ўзини оқлаган корпоратив бошқарув тизими, рақамли ечимлар, сунъий интеллектга асосланган инновацион лойиҳалар, шунингдек, кичик ва ўрта бизнес учун универсал молиявий ечимларни кенг жорий этиш ниятида.

Аҳолиси қарийб 40 миллион кишини ташкил этувчи ва иқтисодиёти жадал ривожланиб бораётган мамлакат — Ўзбекистон банк секторида АBB банки янги ёндашувларни жорий этишни ҳамда замонавий мижозлик тажрибасини шакллантиришни режалаштирмоқда. Мамлакатда кичик ва ўрта бизнесни ривожлантириш учун қўшимча имкониятлар яратишга алоҳида эътибор қаратилади.

Ушбу бозордаги мақсадли фаолият АBB банки учун янги имкониятлар очиб беради ҳамда АBB банки Молия гуруҳининг таниш Озарбойжон бренди сифатидаги минтақавий ва халқаро нуфузини янада мустаҳкамлашга хизмат қилади.