«Ўзбекистон Республикаси Президентининг тадбиркорлар билан VI очиқ мулоқотида белгиланган вазифаларни амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги президент фармони қабул қилинди.
27 август куни имзоланган фармонга кўра, кичик тадбиркорлик субъектларининг фаолиятини ҳар қандай текширишга 3 йил муддатга мораторий эълон қилиниши белгиланди (бундан жиноят иши доирасида, инсон соғлиғига таъсирини ўрганиш ва меҳнат қонунчилигига риоя этилиши, фуқаролар мурожаатлари, ҚҚС қоплаш (қайтариш) ва тадбиркорлик субъекти тугатилиши муносабати билан ўтказиладиган текширишлар мустасно).
Мораторий амал қилиш даврида кичик тадбиркорлик субъектлари фаолиятини текшириш ноқонуний ҳисобланади ва ушбу ҳуқуқбузарликка йўл қўйган шахслар белгиланган тартибда жавобгарликка тортилади.
Президент ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил (Бизнес-омбудсман) томонидан «Самарали назорат»тадбири ўтказилади. Бунда:
- назорат органларининг охирги 3 йиллик текширув материаллари жойига чиққан ҳолда тўлиқ ўрганиб чиқилади;
- ўрганиш якунлари бўйича назорат органлари томонидан йўл қўйилган қонунбузилишлар бўйича ўз ваколатлари доирасида тегишли чоралар кўрилади;
- текширув ўтказиш тартиби бузилган ҳамда ноқонуний текширувлар аниқланган ҳолларда фаолияти текширилган тадбиркорлик субъектларининг бузилган ҳуқуқларини тиклаш чоралари кўрилади.









