Мустақиллик байрами арафасида Шаҳидлар хотираси хиёбонига давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, уламолар, нуронийлар ҳамда зиёлилар йиғилди. Ватан озодлиги йўлида курашган аждодлар ҳақига Қуръон тиловат қилиниб, дуо ўқилди.

Хиёбондаги рамзий қабр ёнида ҳам Қуръон тиловат қилинди. Шу ерда Шавкат Мирзиёев уламолар ва зиёлилар билан тарихий хотирани асраш, қатағон қурбонлари номини тиклаш ва ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш масалаларини муҳокама қилди.

Президент Ўзбекистон мустақиллигининг 35 йиллиги арафасида истиқлол ва озодлик йўлида ҳалок бўлган аждодларни хотирлаш алоҳида аҳамиятга эга эканини қайд этди.

«Ўттиз беш йилдан буён ҳеч кимга қарам бўлмасдан, мана шундай тинч ва тиниқ осмон остида эркин ва фаровон яшаяпмиз. Бу — катта бахт, бебаҳо бойлик. Шундай улуғ кунларда истиқлол ва озодлик йўлида ҳалок бўлган қаҳрамон аждодларимизни эслаш, уларнинг хотирасига ҳурмат бажо келтириш — муқаддас бурчимиз», — деди у.

Давлат раҳбари кейинги йилларда қатағон қурбонлари хотирасини абадийлаштириш ва тарихий адолатни тиклаш бўйича амалга оширилаётган ишларга ҳам тўхталди.

Шаҳидлар хотираси хиёбонидаги Қатағон қурбонлари хотираси давлат музейи реконструкция қилиниб, унинг экспозицияси бойитилди ва замонавий технологиялар билан жиҳозланди. Қорақалпоғистон Республикаси ва барча вилоятлардаги қатағон қурбонлари музейлари фондлари ҳам янги ҳужжат ва фотосуратлар билан тўлдирилмоқда.

Маълум қилинишича, 2021–2025 йилларда Олий суд томонидан қатағон қурбони бўлган 1 минг 200 дан зиёд юртдош оқланган. 2026 йилда эса собиқ тузум даврида ноҳақ айбланиб, қамалган ёки ўлимга ҳукм қилинган яна 161 нафар ватандошнинг номи оқланган.

Мулоқотда 1980-йиллардаги «пахта иши» ва «ўзбек иши» билан боғлиқ қатағонлар ҳам тилга олинди. Келтирилган маълумотларга кўра, 1983–1990 йилларда 40 минг нафар ўзбекистонлик тергов қилинган, уларнинг 5 минг нафари жиноий жавобгарликка тортилган.

Шавкат Мирзиёев дунёда қуролли можаролар ва сиёсий қарама-қаршиликлар кучайиб бораётганига эътибор қаратиб, бу шароитда мамлакатдаги тинчликни қадрлаш, жипслик ва ҳамжиҳатликни мустаҳкамлаш муҳимлигини таъкидлади.

«Бизнинг йўлимиз — тинчлик, дўстлик ва ҳамкорлик йўли. Ўзбекистон ушбу йўлдан ҳеч қачон ортга қайтмайди», — деди президент.

Давлат раҳбари ёшларнинг сифатли таълим олиши ва ватанпарвар инсонлар бўлиб вояга етиши масаласига ҳам тўхталди. Унинг қайд этишича, сўнгги ўн йилда мамлакатда олий таълим муассасалари сони 77 тадан 205 тага етган. Айни пайтда дунёнинг топ-100 талигига кирувчи университетларда 3 минг 500 дан зиёд ўзбекистонлик ёш таҳсил олмоқда.