XX асрнинг сўнгги 10 йили турли воқеаларга бой бўлди. Тарих саҳнида 68 йил яшаган ва Иккинчи жаҳон урушидан сўнг «дунёнинг иккинчи қутби» сифатида майдонга чиққан СССР парчаланиб кетади. Шунингдек, чехлар ва словаклардан иборат Чехословакия тинч йўл билан парчаланди. Олтита иттифоқдош республикадан иборат Югославиянинг тақдири эса бироз мураккаб кечади. Иттифоқдош республикаларнинг мустақиллик эълон қилиши ҳукмрон сербларга ёқмай, уруш бошланади.

Ана шу уруш давомида серблар босниялик ҳамда косовалик мусулмонларга, шунингдек хорватларга нисбатан аёвсиз муносабатда бўлиб, уларни қирғин қилади. Бу қирғинлар тепасида бир қатор ҳарбийлар, хусусан Босния серблари армияси қўмондони генерал Ратко Младич ҳам бор эди.

«Босниялик қассоб»

1943 йил Боснияда туғилган Младич ёшлигидан ҳарбий йўналишда ўқиб, шу йўлдан кетади. СССР парчалангач, Югославиядаги иттифоқдош республикалар ҳам бирин-кетин ўз мустақиллигини эълон қила бошлайди. Бу иш Югославияда асосий ҳукмдор бўлган Сербия республикаси ва мамлакатни бошқараётган серб раҳбарларга ёқмайди. Белград қўл остидаги ҳудудларни йўқотишни истамай, мустақиллик эълон қилган республикаларнинг танобини тортиб қўйиш учун ҳарбий ҳаракатлар бошлайди. Шу тариқа кенг миқёсда қуролли можаролар бошланади.

Гарчи давлат парчаланиб кетган бўлса-да, ўзини ҳануз Югославия деб аташда давом этаётган Сербия ҳарбийлари бир вақтнинг ўзида Босния, Хорватия ва Словенияга бостириб киради. Улар сафига маҳаллий серблар ҳам қўшилади. Боснияда вазият айниқса оғир, маҳаллий серблар Югославия таркибида қолишни истар, Босния аҳолисининг катта қисмини ташкил этувчи мусулмон серблар (бошноқлар) эса мустақиллик тарафдори эди. Оқибатда мустақилликни ёқлаётган мусулмонларга қарши хунрезликлар бошланади.

Босния серблари армиясига генерал Ратко Младич қўмондонлик қилади, бир қанча қирғинлар айнан унинг буйруғи билан амалга оширилади, Сребреницадаги даҳшатли қатлиом ҳам...

Сребреница қирғини

1992 йил бошида Сребреница шаҳри ва унинг атрофидаги ҳудудлар Ратко Младич бошчилигидаги серб армияси томонидан босиб олинади. 1992 йил май ойида Носир Орич бошчилик Босния мусулмонлари армияси ҳудудни қайтариб олади. 1993 йил мартда ҳудуд яна серблар томонидан эгалланади ва Сребреница ўраб олинади.

Мусулмонларга ёрдам бериши мумкин бўлган Босния армияси анча узоқда эди. Таъминот етказиб беришнинг иложи бўлмагани учун Сребреницанинг мусулмон аҳолиси озиқ-овқат, дори-дармон ва ёнилғисиз қолади. Шу тариқа, шаҳар 1995 йилгача қамалда қолиб кетади.

1993 йил 6 май куни БМТ Хавфсизлик кенгаши 824-сонли резолюция қабул қилади. Унга кўра, шаҳар қуроллардан холи ҳудуд деб эълон қилинади, Сребреница яқинидаги Поточари шаҳрига БМТ тинчликпарвар кучлари таркибида бўлган нидерландиялик ҳарбийлар бўлинмаси жойлаштирилади. 1995 йил 6 июлда Ратко Младич буйруғи билан серб армияси нидерландиялик ҳарбийлар томонидан назорат қилинаётган ҳимоя чизиғини кесиб ўтиб, Сребреница шаҳрига ҳужум бошлайди.

Нидерландиялик ҳарбийлар бир неча кун давомида уларни қайтариш учун жиддий бўлмаган ҳаракатлар қилади. Ҳавога огоҳлантирувчи ўқ узади, йўлларни тўсишга уринади, аммо бу ишлар сербларни қайтариб қололмасди. 11 июл куни серб армияси шаҳарни босиб олади. Аёллар ва болаларга шаҳардан чиқиб кетишига рухсат берилади, эркаклар қолади. Оиласидан ажралишни хоҳламаган бир гуруҳ аёллар ва болалар ҳам шаҳарда қолади.

12 июл тунда асирликда қолган боснияликлар қочишга уринади ва бу муваффақиятсизлик билан тугайди. Эртасига серблар Ратко Младичнинг буйруғи билан Церски дарёси водийсида илк қатлиомни амалга оширади: асирларни ўлдириб, чуқурга ташлашади ва устидан булдозер билан тупроқ тортишади. Бундай қирғинлар яна бир неча марта содир этилади.

Қатлиомдан сўнг 1995 йилда халқаро ҳамжамият босими остида Югославия Хорватия ва Босния билан тинчлик сулҳи имзолайди. АҚШнинг Дейтон шаҳрида ўтказилган конференцияда Югославия президенти Слобадан Милошевич, Босния президенти Али Иззатбегович ва Хорватия президенти Франо Тужман сулҳга имзолайди.

Қатағонда айрим одамлар ўзини ўлганга солиб тирик қолади. Шу тарзда жон сақлаб қолганлардан 8 нафари тунда ҳодиса жойидан қочиб кетиб қутулиб қолади. Уларнинг гувоҳлиги ва кўрсатмалари билан 1996 йилда Сребреница атрофидаги оммавий қабрлар ҳақида маълумот олинади. Қидирув ишлари олиб борилганда оммавий қабрларнинг ҳар биридан минглаб одамлар жасади чиқади. Илк оммавий қабр 1996 йилда, сўнггиси 2021 йилда топилади.

Сребреницада қатағон қурбонларининг аниқ сони ҳамон маълум эмас. Турли манбаларда ўлдирилганлар сони 7 мингдан 11 минг нафаргача бўлгани айтилади. Улар орасида 500 дан ортиқ вояга етмаганлар ҳам бўлган.

Босния уруши пайтида бедарак йўқолганларни қидириш бўйича давлат комиссияси қурбонлар сони 8,2 минг нафар бўлганини маълум қилган. Халқаро қизил хоч қўмитаси ҳисоботларида 7,8 минг рақами келтирилади. Бошқа турли ташкилотлар эса Сребреницада қурбон бўлганларнинг оила аъзолари берган маълумотларга таяниб 10,7 минг киши ўлдирилганини маълум қилган.

Айбдорлар жазоланиши

1996 йилда илк оммавий қабр топилгач халқаро ташкилотлар томонидан Сребреницадаги қатлиом бўйича суриштирув бошланади. Ўша йили халқаро трибунал серб армияси қўмондони Ратко Младичга қарши 16 та банд бўйича айблов эълон қилади. Бу пайтда генерал Югославияга қочиб кетган ва шу давлат армияси сафида хизмат қилиб, мамлакат раҳбари Слобадан Милошевич паноҳида яшаётганди.

1996 йилдан бошлаб НАТО бир неча марта Югославиядан Ратко Младични Ҳаага судига топширишни талаб қилади, бироқ серблар бу талабни эътиборсиз қолдиради. 2000 йил ўтказилган сайловда Милошевич сайловда Воислав Коштуницага ютқазади. 2001 йил Коштуница Младични истеъфога чиқаради. Шу тариқа Ратко Младич яна яширинишга мажбур бўлади.

Халқаро суд Югославиядан Ратко Младични тутиб беришни талаб қилишда давом этади. Генерал эса бошқа исм-шариф билан яшириниб юраверади. 2010 йил Младичнинг оиласи генерални вафот этган деб топишни сўраб ҳукуматга мурожаат қилади. Бироқ Сербия бу мурожаатни рад этади. Младични топиб берганга мукофот ваъда қилинади.

Ниҳоят 2011 йил февралда генерал Белграддан бироз узоқда жойлашган Лазарево қишлоғида қўлга тушади. Ўша йили 1 июнда Ратко Младич вертолёт билан Ҳаагага етказилади. «Босниялик қассоб» Ҳаагада ўзига қўйилган барча айбларни рад этади ва «фақат ўз халқини ҳимоя қилганини» айтиб, халқаро трибунални сербларга нисбатан ноҳақликда айблайди. Адвокатлар ҳам генерал фақат буйруқларни бажарганини иддао қилади.

Тергов ва суд жараёнида бир неча бор Младичнинг соғлиги ёмонлашиб, ҳукм эълон қилиш чўзилиб кетади. Охир-оқибат халқаро трибунал генерални Босниядаги мусулмонларни қирғин қилишда ва инсониятга қарши жиноятларда айбдор деб топиб, умрбод қамоққа ҳукм қилади.

Младич бир неча бор юрак хуружига учрайди. 2024 йилдан бери Ҳаагадаги тергов ҳибсхонаси шифохонасида бўлиб, у ерда паллиатив ёрдам олаётганди. Сербияда даволаниш вақтинча озод қилиш ҳақида илтимосномалар бир неча бор рад этилади.

Босниядаги қатлиомлар учун Младичдан ташқари унинг ўринбосари Здравко Толимир, Серб Республикаси собиқ президенти Радован Каражич ва генерал Радислав Крстич Сребреницадаги қатлиомнинг асосий айбдорлари сифатида жавобгарликка тортилади. Шунингдек, яна кўплаб серб генераллари ва зобитлари Сребреница қатлиомида айбланади. Уларнинг айримлари Ҳаагада суд қилиниб жазога тортилган бўлса, айримлари қочиб яширинади. Яна бир қисми судгача етмай ўлиб кетади.

2015 йилда БМТ Хавфсизлик кенгаши Сребреница қатағонини геноцид деб тан олиш ҳақидаги резолюция қабул қилади. Россия ва Хитой қарши овоз беради. Франция, Буюк Британия ва АҚШ уни қўллайди.