Ҳаага (Нидерландия) шаҳридаги тергов ҳибсхонаси шифохонасида Сербия Республикаси армиясининг собиқ қўмондони Ратко Младич 83 ёшда вафот этди, деб хабар берди Белграддаги Informer телеканали.
1992–1995 йиллардаги Босния уруши пайтида Младич Босния ва Ҳерцеговина пойтахти Сараевони уч йил давомида қамалда ушлаб турган серблар армиясига қўмондонлик қилган. Шунда 11 мингга яқин одам ҳалок бўлган эди.
1995 йил июль ойида эса Сребреница шаҳрида унинг буйруғи билан беш кун ичида 8 мингга яқин босниялик, асосан мусулмонлар ўлдирилган — бу Иккинчи жаҳон урушидан кейин Европада содир бўлган энг оммавий қирғиндир. Младич бу қирғинни уюштиргани учун «Босниялик қассоб» лақабини олди.
Уруш тугагач, Младич қочиб кетди ва бошқа ном остида яшириниб юрди. 2011 йил май ойида у Сербияда ҳибсга олинди ва трибуналга топширилди.
2017 йилда Ҳаага трибунали Младични геноцид ва инсониятга қарши жиноятларда айбдор деб топиб, умрбод озодликдан маҳрум этиш жазосига ҳукм қилди. У ўз айбини тан олмай, «фақат ўз халқини ҳимоя қилганини» айтган.
Младич бир неча бор инсультни бошдан кечирди, 2024 йилдан бери Ҳаагадаги тергов ҳибсхонасининг шифохонасида бўлиб, у ерда паллиатив ёрдам олаётган эди. Уни Сербияда даволаниш учун вақтинча озод қилиш ҳақидаги илтимосномалари бир неча бор рад этилди.








