Кучли ёмғирлар ортидан юзага келган тўсатдан тошқин 29 август куни Гранд-Канонда миллий боғининг Брайт-Энжел канони ва Фантом-Ранч ҳудудларига жиддий зарар етказди. Сув оқими йирик тошлар, металл конструкциялар ва бошқа чиқиндиларни Колорадо дарёсига оқизиб кетган.

АҚШ Миллий парклар хизмати маълумотига кўра, дастлаб 20 дан ортиқ киши бедарак ёки улар билан алоқа ўрнатилмаган шахслар сифатида қайд этилган. Кейинги маълумотларда эса расмийлар 15 нафар кишининг қаердалигини аниқлашга уринаётгани билдирилди.

Шу билан бирга, уларнинг барчаси бевосита тошқин оқибатида бедарак йўқолгани ҳозирча тасдиқланмаган. Айримлар хавфсиз жойда бўлиши, аммо улар билан алоқа ўрнатилмаган бўлиши мумкин.

Миллий парк маъмурияти 29 август куни Брайт-Энжел-Крик бўйлаб, Шимолий Кайбаб йўлида, Брайт-Энжел кемпинги, Фантом-Ранч ёки унинг шимолидаги The Box деб аталувчи ҳудудда бўлган сайёҳлар ҳақида маълумотга эга кишилардан қутқарув хизматларига мурожаат қилишни сўраган.

Тошқиндан кейин камида 62 киши ҳаво орқали эвакуация қилинган. Қутқарув ишларига Миллий парклар хизмати ходимлари билан бирга Аризона жамоат хавфсизлиги департаменти ҳам жалб қилинган.

Сув оқими Брайт-Энжел-Крик устидаги деярли барча пиёдалар кўприкларини вайрон қилган. Натижада сойнинг бир қирғоғидан иккинчисига пиёда ўтиш имкони қолмаган. Тошқин йўллар, кўприклар ва бошқа туристик инфратузилма объектларига ҳам жиддий зарар етказган.

Бундан ташқари, офат миллий боғдаги туристлар ва доимий яшовчиларни сув билан таъминлайдиган асосий қувурга ҳам шикаст етказган. Шу сабаб парк маъмурияти сувни тежашга чақирган, туристлар учун айрим меҳмонхона ва ётоқ жойларидан фойдаланиш чекланган.

Фантом-Ранч, Брайт-Энжел кемпинги ва Шимолий Кайбаб туристик йўли кейинги хабарга қадар ёпилган. Колорадо дарёсига металл конструкциялар ва бошқа йирик чиқиндилар тушгани сабабли дарёда ҳаракатланиш ва рафтинг ҳам вақтинча тўхтатилган.

Метеорологик маълумотларга кўра, кучли ёғингарчилик жуда қисқа вақт ичида тушган. Тик қоялар ва баландликнинг кескин ўзгариши сувнинг пастга катта тезликда оқиб тушишига сабаб бўлиб, тўсатдан кучли сел оқимини юзага келтирган.

Ҳудудда яна кучли ёмғир ва момақалдироқ бўлиши прогноз қилингани учун янги тошқинлар, сел ва тош кўчиши хавфи сақланиб қолмоқда. Сайёҳлардан ёпилган ҳудудларга кирмаслик ва қутқарув хизматлари кўрсатмаларига амал қилиш сўралган.