ABB’нинг Ўзбекистон бозорига кириши ушбу Озарбайжон молия гуруҳининг халқаро стратегиясида муҳим босқич ҳисобланади. Ҳуқуқий жараёнлар якунлангач, “Davr Bank” “ABB Davr” брендига ўтишни бошлайди; ушбу бренд фаолиятини жорий йилнинг октябр ойидаёқ йўлга қўйиш режалаштирилган. ABB Бошқарув раиси Аббос Иброҳимов янги банкнинг дастлабки қадамлари, рақамлаштириш ва сунъий интеллект соҳасидаги устувор йўналишлар, кичик ва ўрта бизнесни қўллаб-қувватлаш режалари ҳамда Ўзбекистоннинг етакчи хусусий банкларидан бирини барпо этишга қаратилган мақсадлар ҳақида сўз юритди.

— 23 август куни Озарбайжон ва Ўзбекистон президентлари иштирокида ABB Davr лойиҳасига расман старт берилди. Ҳозир кўпчиликни асосий савол қизиқтиради: банк ABB Davr бренди остида қачон ишлай бошлайди?

— Ҳа, 23 август биз учун тарихий кунга айланди. Озарбайжон Республикаси президенти жаноб Илҳом Алиев ва Ўзбекистон Республикаси президенти жаноб Шавкат Мирзиёев иштирокида ABB Davr лойиҳасига расман старт берилди. Озарбайжон президенти бу воқеани етакчи Озарбайжон банкининг Ўзбекистон бозорига чиқиши сифатида таърифлади. Бизнинг учун бу бир вақтнинг ўзида катта ғурур ва катта масъулиятдир.

Биз ушбу лойиҳага юқори даражада кўрсатилган қўллаб-қувватлаш учун Озарбайжон ва Ўзбекистон президентларига миннатдорчилик билдирамиз. Шунингдек, лойиҳани амалга оширишнинг барча босқичларида бизга кўмаклашган икки мамлакат давлат тузилмаларига — марказий банкларга, Озарбайжон Республикаси Иқтисодиёт вазирлигига, Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлигига, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитасига миннатдорчилик билдиришни истардик.

Лойиҳанинг расмий стартидан олдин барча зарур рухсатномалар олинди ва акцияларни сотиб олиш-сотиш шартномаси аллақачон имзоланди. Кейинги босқичда қонунчилик ва шартномада назарда тутилган тартиб-таомилларга мувофиқ акцияларга бўлган ҳуқуқларнинг юридик ўтказилиши амалга оширилади ва акциядорлар реестрига тегишли ўзгартиришлар киритилади. Ушбу жараён якунлангандан сўнг ABB Davr Банкнинг асосий акциядорига айланади. Биз бу жараён яқин 7–10 кун ичида якунланишини кутмоқдамиз.

ABB Davr бренди остида иш банкнинг номи ўзгариши билан боғлиқ расмий тартиб-таомиллар якунлангандан сўнг дарҳол бошланади. Менимча, тахминан октябр ойида ABB Davr брендини кўрамиз.

— Ребренгдинг қандай тартибда ўтказилади?

— Биринчи навбатда биз корпоратив коммуникациялар ва рақамли каналлардан бошлаймиз. Филиаллар, банкоматлар, карталар ва мижозлар билан алоқанинг бошқа жисмоний нуқталарининг ABB Davr брендига ўтиши босқичма-босқич амалга оширилади. Айнан шундай ёндашув бизнинг ўтиш режамизда ҳам назарда тутилган.