Президент Шавкат Мирзиёев 27 октябрь куни иккинчи бор ўтказилаётган Президент Олимпиадасининг очилиш маросимида иштирок этди.

Давлат раҳбари спортчи ёшлар, мураббийлар ва спорт фидойиларини мусобақа бошланиши билан табриклади.

Фото: Президент матбуот хизмати

Бу йилги беллашувларда юртимизнинг турли ҳудудларидан келган 3,5 мингдан зиёд ёш олимпия ва паралимпия йўналишидаги 26 та спорт тури бўйича куч синашади. Уларга 1,5 минг мураббий ҳамроҳлик қилмоқда.

– Ҳар бирингиз бу майдонга ўз орзунгиз, ўз мақсадингиз, энг асосийси, ғалабага бўлган катта ишончингиз билан келгансиз, – деди президент спортчиларга мурожаат қилиб.

Бугун беллашаётган ёшлар орасидан эртага дунёни ҳайратга соладиган чемпионлар ва рекордчилар етишиб чиқишига ишонч билдирилди.

Мирзиёев сўнгги йилларда оммавий спортдан профессионал спортгача, иқтидорларни саралашдан халқаро мусобақаларга тайёрлашгача бўлган яхлит тизим яратилганини таъкидлади.

– Бу ишларнинг замирида фарзандларимизни соғлом, иродали ва мустақил фикрлайдиган инсон этиб тарбиялашга бўлган интилишимиз мужассам, – деди давлат раҳбари.

Фото: Президент матбуот хизмати

Ўтган ўн йилда спортчилар йирик халқаро мусобақаларда 5 минг 518 та медални қўлга киритди. Шундан 1 минг 675 таси олтин медал бўлиб, бу аввалги ўн йилликка нисбатан уч карра кўпдир. Медалларнинг учдан бири спортчи қизлар ҳиссасига тўғри келмоқда.

Яқинда Самарқандда ўтказилган Бутунжаҳон шахмат олимпиадасида йигитлар иккинчи бор ғолиб бўлиши ҳам мамлакат шахмати тарихида алоҳида саҳифа очди.

Японияда ўтган XX ёзги Осиё ўйинларида Ўзбекистон терма жамоаси 21 та олтин, 25 та кумуш ва 24 та бронза – жами 70 та медаль билан умумжамоа ҳисобида бешинчи ўринни эгаллади.

Президент бундай натижалар ҳар қандай маррага эришиш мумкинлигига ишонч уйғотишини қайд этди.