“Иқтисодиётда давлат иштирокини қисқартириш ва хусусийлаштириш жараёнларини жадаллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги президент фармони (ПФ-177-сон, 27.08.2026) қабул қилинди.
Ҳужжат билан, хусусийлаштириш ва давлат мулкини ижарага олишда қўшимча қулайликликлар яратилмоқда.
Хусусан, давлат активлари ва қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ер участкаларини сотиб олишда аванс тўлови 15 фоиз миқдорида (бунгача 30 фоиз эди) ва уни тўлаш муддати 30 календар кун этиб белгиланади ҳамда қолган суммани қонунчиликда белгиланган муддатларда фоизсиз бўлиб-бўлиб тўлаш имконияти берилади.
Сотиб олиш тўловлари БҲМнинг 23 минг баравари (10 млрд 120 млн сўм)дан юқори бўлган электрон онлайн аукцион, танлов ва биржа савдоларида сотилган давлат активлари ҳамда БҲМнинг 8 минг баравари (3 млрд 520 млн сўм)дан юқори бўлган қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ер участкалари бўйича:
- 100 фоиз тўловни олти ой давомида тўлаган харидорга жами суммага нисбатан 25 фоиз чегирма қўллаш;
- 50 фоиз тўловни олти ой давомида тўлаган харидорга қолган суммани фоизсиз 7 йил давомида бўлиб-бўлиб тўлаш;
- 35 фоиз тўловни уч ой давомида тўлаган харидорга қолган суммани фоизсиз 5 йил давомида бўлиб-бўлиб тўлаш имконияти берилади;
- бу имконият музокараларга оммавий равишда таклиф қилиш йўли билан сотилган давлат активларига татбиқ этилмайди.
Давлат активлари учун тўловнинг камида 50 фоизини тўлаган харидорларга уларни реконструкция қилиш (янгидан қуриш учун бузиш) ва таъмирлаш ҳуқуқи берилади.
Давлат активлари очиқ электрон онлайн аукцион ва биржа савдоларида уч ой давомида сотилмаганда уларнинг бошланғич нархи қолдиқ (баланс) қиймати ёки соф активлари миқдоридан қатъи назар 10 фоизигача босқичма-босқич 10 фоиздан пасайтирилади.
Давлат активлари икки ой давомида сотилмаганда, Давлат активларини бошқариш агентлигига уларни лотларга бўлган ёки бирлаштирган ҳолда қайта савдога чиқариш ваколати берилади.
















