Ўзбекистон президенти 28 август куни “Иқтисодиётда давлат иштирокини қисқартириш ва хусусийлаштириш жараёнларини жадаллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” фармон имзолади.
Фармонга мувофиқ, хусусийлаштириш дастури доирасида 84 та хўжалик жамиятидаги давлат улушлари, 1 242 та кўчмас мулк объекти ҳамда тадбиркорлик ва шаҳарсозлик мақсадлари учун қарийб 8 минг гектар ер участкалари савдога чиқарилиши режалаштирилмоқда.
Шунингдек, давлат иштирокидаги 85 та корхона тугатилади ёки қайта ташкил этилади.
Бундан ташқари, илгари сотилмаган 84 та актив бошланғич нархи 1 миллион сўм этиб белгиланиб, қайта аукционга чиқарилади.
Давлат активларини бошқариш агентлиги хабарига кўра, савдога чиқариладиган активларнинг умумий қиймати 100 триллион сўмни ташкил этади. Уларни реализация қилишдан йил якунига қадар камида 14 триллион сўм тушум олиш кутилмоқда.
Фармон билан тадбиркорларнинг таклифлари асосида давлат активларини реализация қилишнинг янги механизмлари жорий этилади.
Хусусан, активни харид қилишда аванс тўлови 15 фоиз этиб белгиланади (аввал 35 фоиз эди), қолган миқдорни эса фоиз ҳисобланмаган ҳолда босқичма-босқич тўлаш мумкин бўлади (аввал ўртача 14 фоиз устама қўлланилган).
Йирик битимлар учун қўшимча тўлов шартлари ҳам белгиланади:
актив қийматини олти ой ичида тўлиқ тўлаган харидорларга 25 фоиз миқдорида чегирма тақдим этилади (аввалги тартибга кўра, тўлов бир ой ичида тўлиқ амалга оширилганда 14 фоиз чегирма берилган);
актив қийматининг 35 фоизини уч ой ичида тўлаш шарти билан қолган миқдорни 5 йилгача, 50 фоизини олти ой ичида тўлаш шарти билан эса 7 йилгача фоиз ҳисобланмаган ҳолда бўлиб тўлашга рухсат этилади.
Агар актив уч ой давомида сотилмаса, нархни босқичма-босқич пасайтириш механизми қўлланилади.
Айрим ҳолларда “гибрид аукцион” механизми ҳам қўлланилиши мумкин: у савдо жараёнида нархни пасайтириш ва кейинчалик ошириш механизмларини бирлаштириш имконини беради.
Бу янги механизмлар ва имтиёзлар давлат иштирокидаги тижорат банклари балансидаги активларни реализация қилишда ҳам қўлланилиши мумкин.
















