Сўнгги ҳафталарда Чорвоқ сув омбори соҳилида янги Sea Breeze Uzbekistan курорт мажмуаси қурилиши ҳақидаги хабар ижтимоий тармоқларда кенг муҳокамаларга сабаб бўлмоқда.

Лойиҳа ҳақида қисқача

Бундай режа ўтган йил декабрида, озарбойжонлик тадбиркор Эмин Агаларов лойиҳани Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевга тақдим этганида маълум бўлганди.

Лойиҳага кўра, унда дам олиш, чўмилиш ва спорт масканлари, меҳмонхоналар, коттежлар, турар жойлар бўлади. Халқаро брендларнинг дўконлари, ресторан ва хизмат шохобчалари очилади. Турли фестиваллар, концертлар ва бошқа маданий тадбирлар ўтказилади.

Икки қирғоқ ўртасида кўприк қурилиб, келувчиларга қулайлик оширилиши, келажакда ўзига хос туризм ҳабига айланиб, унда йил давомида дам олиш ва яшаш мумкин бўлиши кўзда тутилган.

Шавкат Мирзиёев 2025 йил апрел ойида сайёҳлик оромгоҳининг бош режаси билан танишганди. Давлат раҳбари бу лойиҳа барча сайёҳларга қулай бўлиши лозимлигини таъкидлаб, мажмуани зарур инфратузилма билан таъминлаш бўйича кўрсатмалар берди.

Лойиҳа Чорвоқнинг 577 гектар ер майдонини эгаллаши кўзда тутилган. Дастлабки босқичда 100 гектар ҳудуд қамраб олинади.

Бу ҳудудда меҳмонхона бинолари, турар жойлар, дам олиш ва кўнгилочар инфратузилмадан иборат кичик шаҳарча қуриш режалаштирилган.

Фаоллар ва блогерлар нима дейди?

Тошкент шаҳри ва атрофдаги ҳудудлар учун асосий чучук сув манбайи ҳисобланган манба – Чорвоқ сув омбори бўйларида халқаро туризм маркази қуришни кўзда тутувчи Sea Breeze Uzbekistan лойиҳаси ижтимоий тармоқларда катта норозиликка сабаб бўлди.