Ўтган кун давомида жаҳонда рўй берган энг асосий воқеа ва янгиликлар шарҳи билан кундалик хабарномада таништирамиз. Ямандаги ҳусийчилар Қизил денгиздаги муҳим Моҳа портини эгаллаб, Боб ал-Мандаб бўғозига янада яқинлашди. Эрон зарбалари Иорданиядаги АҚШ ҳарбий самолётларига зарар етказгани тасдиқланди. НАТО давлатлари эса Россиянинг Арктикада сувости кабелларига қарши махфий операциясига тўсқинлик қилган. Хитой ва АҚШ ўзаро 30 млрд долларлик товарларга божларни камайтириш бўйича келишувга яқинлашмоқда.
Ҳусийчилар муҳим портни эгаллади
Ямандаги Эрон томонидан қўллаб-қувватланувчи ҳусийчилар Қизил денгиз соҳилидаги стратегик Моҳа порт шаҳрини эгаллади. Улар Ҳаниш оролларигача етиб борган.
Бу ҳудуд дунё денгиз савдосининг муҳим нуқталаридан бири – Боб ал-Мандаб бўғозига яқин жойлашган. У Қизил денгизни Адан кўрфази ва Ҳинд океани билан боғлайди.
Ҳусийчиларнинг бу ҳудуддаги назорати кучайиши – Эрон учун АҚШ билан давом этаётган урушда янги стратегик устунлик бериши мумкин. Чунки Форс кўрфазининг иккинчи томонидаги Ҳўрмуз бўғозида ҳам кемалар ҳаракати кескин камайган.
Шу тариқа, жаҳон нефти ва товарлари ташиладиган иккита муҳим денгиз йўли бир вақтнинг ўзида хавф остида қолмоқда. Вазият Саудия Арабистонининг Қизил денгиз орқали нефт экспортига ҳам таҳдид солади.
Эрон АҚШ самолётларига зарар етказди
Эроннинг Иорданиядаги Муваффақ Салти авиабазасига берган зарбаси натижасида АҚШнинг бир нечта ҳарбий самолёти шикастланган.
Reuters’га маълумот берган америкалик расмийга кўра, зарба оқибатида A-10 Thunderbolt II штурмчи самолёти жиддий зарар кўрган – унинг бир қаноти узилиб кетган. Яна бир неча F-15 қирувчиси енгил шикастланган.
Ҳужум вақтида АҚШ ҳарбийлари Эрон ракеталарини уриб тушириш учун 30 га яқин Patriot ракетасини ишлатган.
АҚШ Конгресси тадқиқот хизмати маълумотларига кўра, Эрон билан уруш бошланганидан кейин май ойига қадар АҚШнинг 42 та ҳарбий самолёти йўқ қилинган ёки турли даражада зарар кўрган. Урушда 18 нафар америкалик ҳарбий ҳалок бўлган, 800 дан ортиқ ҳарбий жароҳатланган.
Россиянинг сувости операцияси фош бўлди
Буюк Британия, Норвегия ва АҚШ Россиянинг Арктикада муҳим сувости кабелларига қарши махфий операциясига тўсқинлик қилган.














