Гуржистонда 5 август куни маҳаллий вақт билан соат 20:15 атрофида оммавий электр таъминотида узилиш юз берди. Гуржистон Биринчи канали маълумотига кўра, Тбилиси шаҳри ҳамда мамлакатнинг аксарият ҳудудлари электр энергиясиз қолган.
Электр таъминотидаги узилиш оқибатида Гуржистон темирйўллари поездлари ҳаракати вақтинча тўхтатилди.
Гувоҳларнинг маълум қилишича, Тбилисида дўконлар, ресторанлар ва метрода электр ўчган. Шундан сўнг кўплаб кафе ва савдо шохобчалари ишни давом эттириш учун генераторлардан фойдаланишга ўтган.
Tbilisi Life Telegram-канали Гуржистон Энергетика ва сув таъминотини тартибга солиш миллий комиссияси аъзоси Георгий Панганига таяниб хабар беришича, ҳодиса Ингури ГЭС агрегатларида ўтказилаётган режали синовлар билан боғлиқ бўлиши мумкин.
Унинг сўзларига кўра, синовлардан мақсад 24–25 июл кунлари кузатилган авариялардан кейин энергетика тизимидаги заиф нуқталарни аниқлаш ва баҳолашдан иборат бўлган. Айни пайтда юз берган носозликнинг аниқ сабабларини аниқлаш бўйича батафсил таҳлил олиб борилмоқда.
Бу Гуржистонда сўнгги икки ҳафта ичида қайд этилган учинчи йирик блэкаут ҳисобланади. Аввалроқ, 25 июл куни Тбилисида метро ҳаракати тўхтаб, сув таъминоти ва интернет хизматларида ҳам узилишлар кузатилган эди. 24 июл куни эса Тбилиси билан бир қаторда Батуми, Кутаиси, Телави, Боржоми, Бакуриани ва Зугдиди шаҳарлари ҳам электр таъминотисиз қолган.











