Канада Украина учун Европа Иттифоқи томонидан ажратилаётган 90 млрд евролик кредит дастурига қўшилиш имкониятини муҳокама қилмоқда. Financial Times манбаларига кўра, Оттава ва Брюссел бу борада музокара олиб бормоқда.

Томонлар Канаданинг кредит дастурига қанча маблағ билан қўшилишини октябр охирида Монреалда бўлиб ўтиши режалаштирилган ЕИ—Канада саммитига қадар белгилаб олиш ниятида.

Нашр манбаларига кўра, Канада бош вазири Марк Карни ушбу ташаббус орқали Европа билан трансатлантик алоқаларни янада мустаҳкамлашга интилаётганини кўрсатмоқчи. Шу билан бирга, Оттава ташқи иқтисодий ва сиёсий муносабатларда АҚШга қарамликни камайтиришга ҳаракат қилмоқда.

Financial Times ёзишича, Карни кўп томонлама халқаро тартибни қўллаб-қувватловчи либерал давлатлар ўртасида яқин ҳамкорликни шакллантириш тарафдори.

Ҳозирга қадар Европа Иттифоқига аъзо бўлмаган давлатлар орасида Украина учун мазкур кредит дастурига қўшилган ягона мамлакат Буюк Британия бўлиб турибди. Канада ҳам дастурга қўшилса, ЕИ ташқарисидаги иштирокчилар сони иккитага етади.

Канада Украинага миллиардлаб доллар ёрдам берган

Оттава сўнгги йилларда Украинага катта миқдорда ҳарбий ёрдам ҳам ажратган. Financial Times маълумотига кўра, Канада томонидан кўрсатилган ҳарбий кўмак ҳажми 6,5 млрд Канада долларини, яъни тахминан 4,7 млрд АҚШ долларини ташкил этади.

Бундан ташқари, 10 сентябр куни Канада бош вазири Марк Карни ва Украина президенти Володимир Зеленский 100 йиллик ҳамкорлик тўғрисидаги декларацияни имзолаган. Ҳужжат, жумладан, мудофаа соҳасидаги инновациялар бўйича ҳамкорликни ҳам назарда тутади.

Оттава ЕИ билан алоқаларни кенгайтирмоқчи

Канаданинг Европа Иттифоқи билан яқинлашиши фақат Украинага ёрдам масаласи билан чекланмайди. Оттава Брюссел билан иқтисодий ва технологик ҳамкорликни ҳам кенгайтиришга интилмоқда.

Хусусан, Канада сунъий интеллект соҳасида ҳамкорлик қилиш мақсадида Европа Иттифоқининг суперкомпьютерлар тармоғига қўшилишдан манфаатдор. Шунингдек, Брюссел билан рақамли савдо бўйича алоҳида келишув имзолаш имконияти ҳам муҳокама қилинмоқда.