Косоводаги ҳарбий жиноятлар бўйича махсус трибунал 16 сентябр куни Косово озодлик армиясининг (КОА) собиқ раҳбари ва қисман тан олинган республиканинг собиқ президенти, 58 ёшли Ҳашим Тачини 25 йилга озодликдан маҳрум қилди. Бу ҳақда Reuters хабар берди. У уруш жиноятларида, жумладан, қотиллик, қийноққа солиш ва ноқонуний ҳибсда сақлашда айбдор деб топилди.
1990-йилларнинг охирида минтақанинг Сербиядан мустақиллиги учун курашган Косово озодлик армиясининг яна уч нафар собиқ раҳбари — Кадри Весели, Режеп Селими ва Якуп Красничи билан бирга судланаётган Косовонинг собиқ президенти ҳарбий жиноятларда айбдор деб топилиб, 25 йилга озодликдан маҳрум этилди. Ҳаага суди Тачи КОА қўмондони сифатида, хусусан, Косово кучлари Сербия билан ҳамкорлик қилишда гумон қилган 96 нафар сиёсий рақиб ва шахсларнинг ўлдирилиши учун жавобгар эканини белгилади.
Ҳукмни ўқиб эшиттирган судянинг сўзларига кўра, Косовонинг собиқ президенти ҳарбий жиноятларни рағбатлантириш учун «ўз мавқеи, етакчилиги, ҳокимияти ва обрўсидан фойдаланган». Сиёсатчи ўз айбини тан олмади.
Тачи Косовонинг мустақиллик учун курашида асосий роллардан бирини ўйнаган. Ҳарбий ўтмишидан ташқари, у қисман тан олинган республиканинг бош вазири, ташқи ишлар вазири лавозимларида ишлаган, шунингдек, 2016-2020 йилларда Косово президенти бўлган. 2020 йилда Тачи Ҳаага суди унга нисбатан 1998-1999 йиллардаги уруш жиноятлари бўйича айбловни тасдиқлаганидан сўнг президентликдан истеъфога чиқди. Косовонинг собиқ раҳбари Ҳаагага ўз ихтиёри билан борди.
The Insider нашрининг ёзишича, Косово албанлари ва серблари ўртасидаги зиддиятларнинг кескинлашуви 1989 йилда, Белград минтақанинг кенг автономиясини бекор қилганида ва албанлар давлат идоралари ҳамда полициядан оммавий равишда ишдан бўшатилганида содир бўлган. Бир неча йиллик зўравонликсиз қаршиликдан сўнг, ташаббус Косово озодлик армиясига ўтди, у 1996 йилдан бошлаб полиция участкалари, серб тинч аҳолиси ва албан «ҳамкорлари»га ҳужум қила бошлади — ўшанда АҚШ махсус вакили Роберт Гелбард КОАни «ҳеч шубҳасиз террорчи гуруҳ» деб атаган ва кейинчалик Ҳаага трибунали Лапушник лагерида асирларни қийноққа солгани ва ўлдиргани учун лагер қўриқчисини қамоққа ҳукм қилган эди.
Белград бунга жазо операциялари билан жавоб берди: 1998 йилда Дреницадаги КОА таянч пунктларига қилинган ҳужум оқибатида ўнлаб одамлар, жумладан, аёллар ва болалар ҳалок бўлди, кенг кўламли уруш бошланиб, юз минглаб албанлар қочқинга айланди.

















