Форумга оид пресс-релизга кўра, тадбир 2026 йил 27–28 октябр кунлари Европа ташқи алоқалар хизмати бош қароргоҳида икки минтақанинг етакчи таҳлил марказлари раҳбарлари иштирокида ўтказилган.

Форумда сўзга чиққан Ўзбекистон Президенти ҳузуридаги Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти (СМТИ) директори Элдор Арипов Европа Иттифоқи билан ҳамкорлик минтақанинг инвестиция ва технологияларни жалб этиш, янги бозорларга чиқиш ҳамда транспорт йўналишларини диверсификация қилиш имкониятларини кенгайтириши лозимлигини таъкидлади.

«Биз учун Европа Иттифоқи билан шериклик — бошқа шериклар билан ҳамкорлик қилиш эркинлигини сақлаган ҳолда иқтисодий алоқаларни кенгайтириш, бозорларни диверсификация қилиш ва янги технологияларни жалб этиш имкониятидир», — деди у.

Арипов инсон капитали, касбий таълим ва рақамли кўникмаларни ривожлантириш, шунингдек, қонуний меҳнат миграцияси имкониятларини кенгайтиришга алоҳида эътибор қаратди.

Ҳамкорликнинг истиқболли йўналишлари қаторида ўта муҳим минералларни қайта ишлаш ва юқори қўшилган қийматли маҳсулотлар тайёрлашни қамраб олувчи қўшма ишлаб чиқариш занжирларини яратиш қайд этилди. Транскаспий халқаро транспорт йўналишида ташувлар самарадорлигини ошириш ҳамда сув ва иқлим билан боғлиқ хатарларга чидамлиликни кучайтириш масалалари ҳам кўтарилди.

Шунингдек, хавфсизлик чораларини иқтисодий ривожланиш ва таълим ташаббуслари билан уйғунлаштириш орқали Афғонистонда барқарорликни таъминлашга кўмаклашиш ҳақида сўз борди.

СМТИ директори эришилган келишувларни амалий натижаларга айлантириш зарурлигини таъкидлади.

«Бугун белгиланган сиёсий йўналишларни аниқ лойиҳалар ва амалий натижаларга айлантириш муҳим. Шериклигимиз самарадорлиги айнан шу мезон асосида баҳоланиши лозим», — деди Элдор Арипов.

Форум СМТИ, ЕИнинг Марказий Осиё бўйича махсус вакили офиси ҳамда ЕИ Хавфсизлик тадқиқотлари институти томонидан ташкил этилди. У 2025 йил апрелида Самарқандда ўтган биринчи «Марказий Осиё — Европа Иттифоқи» саммитининг амалий давоми бўлди. Ўша саммит якунларига кўра, икки минтақа муносабатлари стратегик шериклик даражасига кўтарилган эди.

Форум иштирокчилари экспертлар мулоқотини давом эттириш ва ушбу платформани мунтазам ҳамкорлик формати сифатида ривожлантиришдан манфаатдор эканини билдирди.