19 сентябр соат 21:00 дан 20 сентябр соат 4:00 гача Тошкентда ҳаво сифати вақтинча ёмонлашиши мумкин. Бу ҳақда Экология қўмитаси хабар берди.
Қайд қилинишича, шу вақтда AQI (ҳаво сифати) 101–150 — «сезгир гуруҳлар учун зарарли» даражага чиқиши кутилмоқда. Эрталаб соат 8:00–9:00 ларда ҳаво сифати «ўртача» даражага қайтиши прогноз қилинган.
Хабарга кўра, бир кун олдин кечқурун Тошкент ҳавосида PM2.5 ва айниқса PM10 заррачалари миқдори кескин ошган.
Автоматик мониторинг станцияларига кўра, ҳаводаги заррачалар миқдори соат 18:00 дан кейин кўтарила бошлаган ва 21:00–23:00 оралиғида энг юқори даражага етган. Соат 22:00 да шаҳар бўйича PM2.5 ўртача 74,5 мкг/м³, PM10 эса 243,6 мкг/м³ ни ташкил этган. Айрим ҳудудларда PM10 миқдори 555,3 мкг/м³ гача етган.
Мутахассислар фикрича, PM10 миқдорининг PM2.5 га нисбатан анча юқори бўлиши ҳавода йирик чанг заррачалари кўпайганини кўрсатади.
Ҳолатга, аввало, узоқ давом этган қуруқ об-ҳаво сабаб тупроқ ва йўл юзасидаги чангнинг ҳавога кўтарилиши таъсир қилгани таъкидланмоқда. Кечки ва тунги вақтда кузатилган ҳарорат инверсияси ҳамда ҳаво алмашинувининг сустлиги эса чанг заррачаларининг ер юзасига яқин қатламда тўпланиб қолишига шароит яратган.
Бундан ташқари, CAMS модели Ўзбекистоннинг ғарбий ва шимоли-ғарбий ҳудудларида PM10 миқдори юқори бўлган чанг массаларини қайд этган. HYSPLIT модели эса Тошкентга шимол, шимоли-шарқ, ғарб ва шимоли-ғарб томондан ҳаво оқимлари кириб келганини кўрсатган.
19 сентябрга ўтар кечаси Мирзо Улуғбек туманининг учта нуқтасида қўшимча ўлчовлар ўтказилган. Ҳаводаги азот диоксиди, углерод моноксиди, аммиак, фтор водороди, фенол ва формалдегид каби газсимон ифлослантирувчи моддалар концентрацияси белгиланган меъёрлардан ошмаган.
Соат 23:00 дан кейин PM2.5 ва PM10 миқдори аста-секин камая бошлаган. 19 сентябр соат 4:00 га келиб улар шаҳар бўйича мос равишда 22,4 ва 61,9 мкг/м³ гача тушган.
Махсус комиссия ҳолатни қисқа муддатли чанг эпизоди сифатида баҳоламоқда. Унинг юзага келишига қуруқ об-ҳаво, маҳаллий чангнинг кўтарилиши, ҳарорат инверсияси ва ҳаво алмашинувининг сустлиги сабаб бўлган.

















