29 октябрдан 30 октябрга ўтар кечаси Тошкент шаҳрида ҳаво сифати ўзгариши мумкин, деб хабар берди Экология қўмитаси.
Прогнозларга кўра, тунги ва эрталабки соатларда ҳаво сифати «носоғлом», миллий ҳаво сифати индекси бўйича «зарғалдоқ» даражада бўлиши мумкин.
Маълум қилинишича, тунда ҳаво ҳароратининг пасайиши, кучсиз шамол ва кучли ҳарорат инверсияси атмосферанинг қуйи қатламларида ҳаво алмашинувини чеклайди.
“Ушбу шароитда кучсиз шамол атмосферага чиқарилаётган қўшни ҳудудларда шаклланган ва маҳаллий ташламаларнинг тарқалишини сусайтириб, уларнинг ер юзасига яқин қатламда сақланиб қолишига шароит яратади”, дейилади хабарда.
Қайд этилишича, ҳаво массаларининг шаҳар атрофида узоқ вақт сақланиб қолиши маҳаллий ифлослантирувчи моддалар тарқалишини янада чеклаши мумкин.
Кундузи ҳаво ҳароратининг кўтарилиши ва вертикал ҳаво алмашинуви яхшиланиши натижасида инверсия кучсизланиб, ҳаво сифати яхшиланиши кутилмоқда.
Аввалроқ Ўзгидромет Тошкент шаҳрида атмосфера инверсияси яна 10 кун давом этиши мумкинлиги ҳақида огоҳлантирганди.

















