Россия Федерал хавфсизлик хизмати (ФХХ) аэропортларда Тожикистон ва Ўзбекистон фуқароларини «фильтрациядан» ўтказмоқда ҳамда уларнинг айримларини Россияга киритишни рад этмоқда. Бу ҳақда чет элликларни мамлакатга киритмаслик билан боғлиқ тўққизта суд қарорини ўрганиб чиққан «Осторожно, новости» Телеграм-канали хабар берди.

Ҳужжатларга кўра, чегарадаги «фильтрация» сўров ўтказиш ва мобил телефонларни текширишни ўз ичига олган. Хорижликлар телефонини ФХХ ходимларига ўз ихтиёри билан бергани таъкидланмоқда. Текширув якунларига кўра, чет элликларни мамлакатга киритиш ёки киритмаслик ҳақида қарор қабул қилинган.

«Фильтрация» чоғида Россия махсус хизматлари вакиллари, жумладан, YouTube’даги томошалар тарихини текширган ва унда «Россия Федерацияси ҳудудида тақиқланган видеолар» бор-йўқлигини аниқлаган.

Шунингдек, мессенжерлардаги ёзишмаларнинг ўчирилгани, ҳолатларнинг бирида эса тугмачали телефон тақдим этилгани ҳам мамлакатга киритмасликка сабаб бўлган.

ФХХ судларда барча фигурантларни «радикал ислом мафкураси тарафдорлари» сафига киритиш мумкинлигини маълум қилган, деб ёзди «Осторожно, новости».

Москва аэропортларидаги текширувлар тўлқини 2024 йил баҳорида — «Крокус Сити Холл»даги терактдан сўнг бошланган, деб қайд этади «Осторожно, новости». 2025 йил ёзида ТАСС агентлиги ҳам суд қарорларига таяниб, чегарачилар телефонларида террористик ва экстремистик ташкилотларнинг саҳифаларига обуналар аниқланган Тожикистон ва Ўзбекистон фуқароларига Россияга кириш тақиқланаётгани ҳақида хабар берган эди. Худди шундай «фильтрация» текширувларига украиналиклар, баъзан эса чет элдан ўз ватанига қайтаётган россияликлар ҳам дуч келмоқда.