DW хабарига кўра, Зеленский ва Трамп 22 сентябр куни Ню-Йоркда БМТ Бош Ассамблеяси доирасида учрашган. Ёпиқ форматда ўтган музокараларни Украина президенти «ижобий ва самарали» деб баҳолаган.
«Қўшма Штатлар ҳам, Украина ҳам Россиянинг бу бемаъни уруши қишгача тугашини истайди. Биз дипломатияга йўл очиши мумкин бўлган кескинликни пасайтириш чораларини муҳокама қилдик», — деб ёзган Зеленский Telegram каналида.
Энергетика соҳасидаги сулҳ учун ўзаролик шарти
Учрашувдан кейин журналистлар билан суҳбатда Зеленский Москва ҳам худди шундай йўл тутса, Киев Россия энергетика объектларига зарба беришни тўхтатишга тайёрлигини билдирган.
Унинг айтишича, Россия Украина энергетика тизимига ҳужум қилмасликка рози бўлса, Киев энергетика соҳасидаги сулҳнинг ҳар қандай форматига тайёр.
Зеленский бу масалада Москванинг позицияси унга маълум эмаслигини қайд этган. Шу билан бирга, у АҚШ томони Россияни музокараларга кўндириш йўлини топишига умид билдирган.
Путин билан учрашувга тайёрлик
Украина президенти Россия президенти Владимир Путин билан «исталган вақтда» учрашишга тайёрлигини яна бир бор таъкидлаган.
«Трамп уч томонлама учрашувни ташкил этиши мумкин. Унда раҳбарлар барча муҳим масалаларни муҳокама қилиб, урушга чек қўйишга ҳаракат қилиши мумкин», — деган Зеленский.
Музокаралар бошланишидан аввал DW мухбири Трампдан Майамидаги G20 саммити доирасида АҚШ, Украина ва Россия раҳбарларининг уч томонлама учрашуви ўтказилиши мумкинми, шунингдек, у Путинни саммитга таклиф қилишга розими, деб сўраган.
«Биз Аляскада учрашган эдик. Майами ҳақида билмайман. Тез орада Майамида катта тадбиримиз бўлади, аммо у учрашади. У учрашишга тайёр. У уруш тугашини истайди», — дея жавоб берган АҚШ президенти.
Patriot ракеталарини Украинада ишлаб чиқариш масаласи
Зеленский музокаралардан сўнг Трамп Украинада Patriot тизими учун тутувчи ракеталар ишлаб чиқаришга лицензия бериш ғоясига ижобий муносабатда эканини ҳам айтган.

















