Ўзбекистонлик гроссмейстер Жавоҳир Синдаров янги FIDE Excellence Awards мукофотининг «Best Chess Player» («Энг яхши шахматчи») номинациясида биринчи совриндорга айланди. Тақдирлаш маросими Самарқандда 46-Бутунжаҳон шахмат олимпиадаси доирасида бўлиб ўтди.

FIDE 2026 йилда Excellence Awards мукофотини таъсис этган эди. Мукофот икки йилда бир марта топширилади ва олимпия цикли давомидаги ютуқларни ҳисобга олади. Биринчи мукофот 2024 йил сентябридан 2026 йил августигача бўлган даврни қамраб олди.

Синдаров тўққиз нафар талабгордан ўзиб кетди. Ундан ташқари ҳамюрти Нодирбек Абдусатторов, Фабиано Каруана (АҚШ), Магнус Карлсен (Норвегия), Аржун Эригайси (Ҳиндистон), Алиризо Фирузжо (Франция), Аниш Гири (Нидерландия), Гукеш Доммаражу (Ҳиндистон), Винсент Кеймер (Германия) ва Рамешбабу Прагнанандҳа (Ҳиндистон) ҳам якуний рўйхатдан жой олди.

Лауреатни танлашда шахматчининг классик шахмат, рапид ва блиц бўйича натижалари, рейтинг динамикаси ва икки йиллик давр мобайнидаги ютуқлари инобатга олинди.

HTPbdNxWAAAqyaM

Синдаровнинг асосий муваффақиятларидан бири 2025 йилда Ҳиндистоннинг Гоа шаҳрида бўлиб ўтган FIDE Жаҳон кубогидаги ғалабаси бўлди. 19 ёшли ўзбекистонлик шахматчи турнир тарихидаги энг ёш ғолибга айланди ва Даъвогарлар турнирига йўлланмани қўлга киритди.

2026 йил баҳорида Синдаров Кипрдаги Даъвогарлар турнирида ҳам ғолиб чиқди ва мусобақа тугашига бир тур қолганда биринчи ўринни нақд қилди. У 14 имкониятдан 10 очко тўплаган ҳолда турнирни мағлубиятсиз якунлади — бу Даъвогарлар турнирининг замонавий формати учун рекорд натижадир. Шундан сўнг ўзбекистонлик шахматчи жаҳон рейтингида тўртинчи ўринга кўтарилди.

Даъвогарлар турниридаги ғалаба Синдаровга амалдаги жаҳон чемпиони Гукеш Доммаражуга қарши жаҳон шахмат тожи учун ўйин ўтказиш ҳуқуқини берди. Ушбу баҳс 25 ноябрдан 15 декабргача Женева (Швейцария) шаҳрида ўтказилади.