Оҳангарон шаҳридаги давлат боғчасида тарбияланувчи ҳашаротларга қарши воситани ичиб, ҳалок бўлди. Тошкент вилояти Мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси ҳолат юзасидан расмий муносабат билдирди.
Маълум қилинишича, ҳолат 2026 йил 28 август куни юз берган. 2023 йилда туғилган тарбияланувчи ошхонада ҳашаротларга қарши ишлатиладиган BSM воситасини ичиб қўйган. Бола зудлик билан Оҳангарон шаҳар тиббиёт бирлашмасига олиб борилган. Аммо унинг ҳаётини сақлаб қолишнинг имкони бўлмаган.
“Маълумотларга кўра, боланинг бувиси мазкур ташкилот ошхонасида аутсорсинг ташкилоти ходими — ошпаз сифатида ишлаган. Ҳодиса тарбияланувчи бувисининг ёнига, ошхонага кирган вақтда содир бўлганлиги айтилган. Бироқ бу ҳолат юзасидан якуний хулоса фақат ваколатли органлар томонидан ўтказилаётган тергов ва суриштирув натижаларига кўра берилади”, дейилади бошқарма муносабатида.
Ҳозирда тегишли ташкилотлар томонидан бола ошхонага қандай киргани, хавфли восита унинг қўли етадиган жойда нима сабабдан тургани ва уни сақлаш учун ким масъул бўлгани ўрганилмоқда.
Бошқарма бола ҳаётига зомин бўлган ҳодисанинг бирор жиҳати эътибордан четда қолмаслигини, ҳозирда тергов ишлари давом этаётганини ҳамда айбдорлиги аниқланган шахсларга нисбатан қонун доирасида чора кўрилишини билдирган.

















