Бу чоралар президентнинг 2026 йил 22 сентябрдаги «Ёқилғи-энергетика тармоғини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПФ–202-сон фармонида белгиланди.
Вазирлик, регулятор ва инспекция вазифалари ажратилади
Фармонга кўра, Энергетика вазирлигининг тармоқ корхоналари ва истеъмолчиларга шартномавий, хизмат кўрсатиш ва бошқа хўжалик муносабатлари бўйича индивидуал рухсатномалар бериш амалиёти бекор қилинади.
Энергетика бозорини ривожлантириш ва тартибга солиш агентлигига электр энергияси билан бир қаторда табиий ва суюлтирилган газ таъминотида ҳам бозор тамойилларини босқичма-босқич шакллантириш ҳамда тартибга солиш вазифалари юклатилди.
2028 йилдан агентлик электр энергияси, табиий ва суюлтирилган газ таъминотида тартибга солинадиган тарифлар ҳамда тўловларни тасдиқлайди. Шунингдек, истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, хизматлар сифатини кузатиш ва мурожаатларни кўриб чиқиш тизимини жорий этади.
Электр энергияси, нефть маҳсулотлари ва газдан фойдаланишни назорат қилиш инспекцияси фаолиятида қоидабузарликларнинг олдини олиш ва хавфларни эрта аниқлашга эътибор кучайтирилади. Огоҳлантириш ва камчиликларни ихтиёрий бартараф этиш учун муддат бериш амалиёти қўлланади.
Тармоқ корхоналари эса ресурсларни қазиб олиш, ишлаб чиқариш, қайта ишлаш, ташиш, сақлаш, узатиш, тақсимлаш ва сотиш билан боғлиқ тижорат вазифаларини бажаради.
Инвестиция лойиҳалари танлов асосида амалга оширилади
Ҳужжатда ёнилғи-энергетика тармоғида қуйидагилар қатъий тақиқланган:
инвесторлар билан тўғридан тўғри музокаралар олиб бориш;
лойиҳалар доирасида индивидуал имтиёз ва преференциялар бериш;
инвестиция режасига киритилмаган лойиҳаларни бошлаш.
Лойиҳани амалга оширувчи қонунчиликда белгиланган тартибда танлов асосида аниқланади. Танлов ҳужжатлари очиқ эълон қилинади.
Объектларни лойиҳа-смета ҳужжатларини ишлаб чиқиш ва молиялаштириш билан бир вақтда қуриш ёки реконструкция қилишга рухсат берилмайди. Хусусий инвестициялар ҳисобидан қуриладиган объектлар бундан мустасно.

















