Кичик СИ моделлари 2026 йил охирига бориб, интернетга уланган маиший электроника ва уй техникалари орқали ўз-ўзини кўпайтиришни ўзлаштириши мумкин. Anthropic компанияси шундай хулосага келди.

Anthropic тадқиқотчилари қуйидагича тажриба ўтказди: ҳар бири тахминан 55 доллар турадиган 15 та Android-TV приставкаси ягона тармоққа бирлаштирилди ва унда 26 миллиард параметрли СИ модели муваффақиятли ишга туширилди. Шундан сўнг мутахассислар моделларнинг бегона қурилмаларга мустақил равишда суқилиб кириши ва янги нусхаларини яратиш қобилиятини синовдан ўтказди.

9 миллиард параметрли модел тўққиз турдаги ускунанинг саккизтасида ишга тушишни уддалади, аммо у ҳозирча ўз-ўзини кўпайтиришнинг тўлиқ циклини барқарор бажара олмайди. Бу вазифани фақат анча йирикроқ бўлган GLM-5.2 модели бажара олди, бироқ унинг ишлаши учун робот-чангюткичлар ва ақлли телевизорлар бера оладиганидан анча юқори ҳисоблаш қуввати талаб этилади.

Тадқиқотчиларнинг таъкидлашича, IoT-қурилмалар тармоқларида мустақил кўпайиши учун СИ модели нисбатан кам қувват талаб қилиши, аммо айни пайтда қурилмаларни мустақил топиш, ўзини уларга кўчириш ва ишга тушириш қобилиятига эга бўлиши лозим. Ҳозирча бу икки шарт бир вақтда бажарилмаяпти, бироқ ривожланишнинг амалдаги суръати сақланиб қолса, кичик моделлар 2026 йил охирига келиб бунга эришади.

Anthropic таҳлилчилари СИ агентлари уй қурилмаларини анча секинлик билан эгаллаб олади, деган хулосага келди. Тадқиқотчилар уларни кўпайиши учун бир неча сутка талаб этиладиган моғор ёки мева пашшаларига қиёсламоқда. Чекланган қувват сабабли 9 миллиард параметрли моделнинг бор-йўғи битта янги нусхасини кўчириш ва ишга тушириш тахминан икки кун вақт олиши мумкин.

Тадқиқотчилар келажакда инсон назоратисиз ишлайдиган кўплаб СИ агентлари пайдо бўлиши эҳтимолини истисно қилмаяпти. Улардан қутулиш анча мушкул бўлади, чунки бу ўз тармоқларида зарарланган қурилмалар аниқланган барча интернет-провайдерлар ҳаракатларини ўзаро мувофиқлаштиришни талаб этади.