Транспорт вазирлиги маълумотига кўра, 7 октябр куни вазир Илҳом Маҳкамов JBIC катта бошқарувчи директори, директорлар кенгаши аъзоси Хироки Секине бошчилигидаги делегация билан учрашган.

Музокараларда транспорт соҳасидаги лойиҳалар бўйича ҳамкорликни кенгайтириш ва уларни молиялаштириш имкониятлари кўриб чиқилган.

Хироки Секине сўнгги йилларда Ўзбекистондаги лойиҳаларда иштирок этишга қизиқиш сезиларли даражада ортаётганини таъкидлаган. У банкнинг келгуси уч йил давомида республикадаги 14 та лойиҳани молиялаштиришда қатнашиш режасини маълум қилган.

Учрашувда икки лойиҳага алоҳида эътибор қаратилган: «Ўзаэронавигация маркази» эҳтиёжлари учун ҳаво ҳаракатини бошқариш тизимларини етказиб бериш ҳамда Тошкентнинг янги халқаро аэропортини қуриш.

Томонлар ушбу лойиҳаларнинг ҳозирги ҳолати ва уларга JBIC маблағларини жалб қилиш масалаларини муҳокама қилган. Расмий хабарда молиялаштириш миқдори ёки кредит битими имзолангани ҳақида маълумот берилмаган.

Учрашув якунида ҳамкорликдаги транспорт лойиҳаларини жадаллаштириш ва истиқболдаги лойиҳалар бўйича ҳамкорликни давом эттиришга келишилган.