Аренал вулқони минглаб йиллар давомида атрофдаги ҳудудларни вақти-вақти билан кулга кўмиб келган. Отилишлардан сўнг манзилгоҳлар вақтинча бўшаб қолган, аммо одамлар кейинчалик қайтиб, уйларини тиклаган ва ўша ҳудудда яшашни давом эттирган.
Олимлар бундай барқарорликни аввал ҳам турли озиқ манбалари, кичик аҳоли манзилгоҳлари ва жамоалар ўртасидаги алоқалар билан изоҳлаган. Бир жой яшашга яроқсиз бўлиб қолса, одамлар қўшни ўрмонлар ва эски мевазорлардан егулик топиши мумкин бўлган. Қадимий сўқмоқлар тармоғи ва жамоалар ўртасидаги алоқалар бунга ёрдам берган, деб ҳисобланмоқда.
Америкалик тадқиқотчилар даври бир-биридан қарийб икки минг йил фарқ қиладиган иккита манзилгоҳ топилмаларини солиштирган. Биринчиси — милоддан аввалги тахминан 1600–1100 йилларга оид турар жой аниқланган Ла-Чирипа. Иккинчиси — милодий 430–540 йилларда аҳоли яшаган Ситио-Боливар қишлоғи.
Ла-Чирипа баландликда, Ситио-Боливар эса кўл бўйида жойлашган. Шу боис таққослаш турли даврлар ва яшаш шароитларини қамраб олган. Тадқиқот натижалари Frontiers in Environmental Archaeology журналида эълон қилинган.
Қазишмалар вақтида олимлар турар жой қатламлари, ўчоқлар ва бошқа объектлардан тупроқ, ўсимлик қолдиқлари ҳамда ёғоч кўмири намуналарини йиғган. Майда топилмалар тупроқни ювиш орқали ажратиб олинган, сўнг микроскоп остида ўрганилиб, замонавий намуналар билан солиштирилган. Илдиз ва туганакларнинг белгиларини текшириш учун уларнинг айрим намуналари тажриба тариқасида кўмирлантирилган.
Жами 194 та ўсимлик қолдиғи ажратилган. Бироқ уларнинг барчасини аниқ турга мансуб деб белгилашнинг имкони бўлмаган. Қолдиқларнинг ҳаммаси ҳам озиқ-овқат сифатида ишлатилган ўсимликларга тегишли эмас.
Турар жойлардан топилган материалларда мева дарахтлари, палмалар ва ерости қисмлари истеъмол қилинадиган ўсимликлар муҳим ўрин тутган. Маккажўхори, ловия ва қовоқ қолдиқлари эса анча кам учраган.
Аниқланган ўсимликлар орасида маниок, авокадо, какао, мева берувчи палмалар ва бошқа тропик турлар бор. Уларнинг турли қатламларда учраши аҳоли ўрмон маҳсулотларидан мунтазам фойдаланганини кўрсатган.
Олимлар бундай муҳитни образли тарзда «егулик ўрмон» деб таърифламоқда. Унда дарахтлар, буталар, чирмашувчи ўсимликлар, шунингдек, ер остидаги илдиз ва туганаклар озиқ манбаи бўлган.














