2009 йилда АҚШда ғалати ўлим содир бўлади. 26 ёшли шифокор Ютадаги ғорга бориб, боши берк йўлакда тиқилиб қолади. Қутқарувчилар ҳарчанд уринмасин, йигитни чиқариб ололмайди. Оқибатда оёғи тепада, боши пастда бўлиб қолган шифокор ўша жойда қийналиб жон беради.
Дунёда ғайриоддий ўлимлар кўп содир бўлган. Машҳурлар билан бўлганлари кўпчиликнинг эсида қолган. Масалан, раққоса Айседора Дункан машинада сайрга кетаётганида автомобил ғилдирагига ўралиб қолган шарф туфайли ҳалок бўлади. Миллиардер Санжай Капур ари чақиб ўлади. Австралия бош вазири Гаролд Холт чўмилишга бориб, денгизда ғарқ бўлади.
Бундай мисоллар жуда кўп. Бугун ҳикоя қилмоқчи бўлган қаҳрамонимиз Жон Жонс ҳам ғалати тарзда ўлим топган. Афсуски, уни ҳаётда қилган ишлари эмас, қандай ўлгани машҳур қилди.
Натти-Патти ғори ҳақида
Натти-Патти Ютада жойлашган АҚШдаги машҳур ғорлардан бири бўлиб, уни илк бор 1960 йил ғоршунос Дейл Грин ўрганган. Олим ичида лойқа кўплиги учун ғорни Натти-Патти деб атайди, яъни инглизчада ёнғоқли паста дегани. Ғорга йилига 5 минггача одам боради. Ундаги асосий хавф сиртлар сирпанчиқлиги эди. Одамлар оқими кўпайгач, тинимсиз қадамлар таъсирида қоятошлар янада силлиқланиб кетади.
Ғордаги энг машҳур жойни «Big slide» (катта сирпанчиқ) деб аташади. Бу жойда оёқ ости жуда сирпанчиқ бўлгани учун шундай ном олган. 2006 йил одамлар Натти-Паттига юқори даражада акс таъсир ўтказаётганини баҳолаш бўйича тадқиқот бошланади. Вазият бўйича хулосалар чиққач, ғорга келувчилар сонини чеклаш таклиф қилинади. Кўп ўтмай ғорнинг кириш қисмига тўсиқ ўрнатилиб, ташриф буюрувчилар учун вақтинча ёпилади.
Ғорга киришни тартибга солувчи хавфсизлик талаблари ишлаб чиқилгач, 2009 йил 18 майда қайта очилади. Бироқ ўша йили ноябрда ғор ташриф бурувчилар учун бутунлай ёпилади. Бунга Жон Жонс исмли йигитнинг ўлими сабаб бўлади.
Тор йўлакдаги ўлим














